Андижонда

Э-Э-ЭЙ, ОДАМЛАР! БЕКАТ БЕКОРГА ҚЎЙИЛМАГАН!


21.09.2021   653

Шаҳримиз кўчаларини тўлдириб узоғимизни яқин қилаётган янги автобуслар қатновиданвилоятимиз аҳли хурсанд. "Қандай яхши, ҳамёнбоп, салқингина кетяпмиз!" дегувчилар кўп. Ўзим ҳам талабалик даврларимниэслаб, гўёки пойтахт кўчаларига тушиб қолгандек ҳис қиляпман. Жажжи болакайларнинг "аяжон, катта автобусгачиқайлик" деган хархашаларини айтмайсизми?

Айни кунларда 1, 394 йўналишларига 30 та автобус хизмат қилмоқда. Яқин кунларда келиши кутилаётган 25-30 тасини 14 (222) ҳамда 75 йўналишларига қўйиш режалаштирилган. Буларнинг барчаси аҳоли манфаатини кўзлаб қилинаётган ишлардир. 3-4 минг ўрнига 1 минг сўм билан манзилга етиб олиш яхши-да. Ёши улуғларимиз айтганидек, жамғарилган пул чўнтакни чақмайди.

Аммо ишга, ўқишга шошиб турган пайт ҳар ўн метрга тўхтайвериши зериктириб юбораркан. Бекатда чиқариб-туширсангиз бўлмайдими, деган саволга деярли барча ҳайдовчи битта жавобни берди:

Қўл кўтарганда тўхтамасак, устимиздан арз қилишяпти.

Вилоят транспорт бошқармасининг маълумотига кўра, Президент порталига икки кун давомида 150 та айни шу мазмундаги мурожаат келиб тушган. Сўз эркинлиги бу тўғри келган гапни моҳиятини ўйламай, вилоят, республика даражасигача кўтариш мумкин дегани эмас-да.Аввало, ўзимизнинг хатти-ҳаракатларимизни таҳлил қилсак, нур устига аъло нур бўларди.

Шу ўринда йўловчи маданияти масаласи ўртага ташланади. Аксар одамлар эринчоқ, дангаса бўлиб кетганми, бораётган манзилининг эшиги тагига тушишни хоҳлайди. Ўзим ҳам Янги бозордан "Ўзбекинвест" бекатигача кўп келаман. Кузатганим, Навоий шоҳкўчасида жойлашган босмахона атрофида юмуши бор йўловчи 24-умумтаълим мактаби олдидаги бекатда тушай демайди. Жамоат транспорти ҳайдовчиси уни айтганжойида тушириб кетишга мажбурдай гўё.

Босқичма-босқич бу муаммони бартараф этишни кўзлаяпмиз, дейди вилоят транспорт бошқармасининг автомобиль транспортини ривожлантириш бўлими бошлиғи Акмал Асронов. Ҳайдовчиларга ҳам йўловчиларни тез-тез огоҳлантириб туришларини айтяпмиз. Кўпчилик йўналишдаги "Дамас"ларга хоҳлаган жойидан чиқиб-тушишга ўрганган. Бекатлар бўйлаб ҳаракатланиш қоидаси йўналишдаги барча транспорт воситалари учун бирдай бўлишига қарамай, улардаги рақобат йўловчилар оёғининг тагига тўхташни сингдириб юборган.Секин-асталик билан бу "қолип"ни бузиш вақти келди.

Йил якунига қадар янги катта автобуслар сонини 80 тага етказмоқчимиз. 40 дона микроавтобусларни олиб келишни режалаштиряпмиз. Шунда фуқароларимизга янада қулай бўлади. Улар ҳам йўловчилик маданиятини унутмасалар бўлгани.

Ўрганишлар давомида аҳоли томонидан бекатлар етарли эмас, деган муаммолар ҳам кўтарилди.Бошқарма мутахассисининг айтишича, шаҳар ҳудудидааҳолининг тўпланиш эҳтиёжларидан келиб чиқиб 350 метрдан 1 километргача масофага бекатлар ўрнатилади.

Атрофга боқинг. Қай гўшага қараманг, йўлнинг икки четида кўркамбинолар, иншоотлар қад ростлаётганлиги, кўчалар обод бўлаётганлигини кўриб кўзингиз қувнайди. Бироқ...келинг, ҳар ким ислоҳотни ўзидан бошласин. Э-э-эй, одамлар! Бекат бекорга қўйилмаган!

Ҳувайдо ХЎЖАМҚУЛОВА.