Атрофга назар

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАЪМИНОТНИНГ МАРОМИДА БЎЛИШИ ҲАММАМИЗГА БОҒЛИҚ


22.11.2022   201

Ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш ва истеъмолчиларга бир маромда етказиб бериш масаласи куз-қиш мавсумида анча ўткир тус олади. Давлатимиз раҳбари жорий йил 31 октябрь куни ўтказилган йиғилишда айнан шу хусусда – энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда тежаш бўйича қатор вазифаларни белгилаб бердилар.

“Андижон ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ҳамда “Ўздавэнергоинспекция” Андижон филиали мутахассислари томонидан вилоятда электр энергияси сарфини 10 фоизга тежаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Вилоятда истеъмолчилар томонидан жорий йилнинг ноябрь ойидан 2023 йилнинг март ойига қадар жами 2 миллиард 390 миллион 330 минг кВт соат электр энергияси сарфланиши кутилмоқда. Ушбу истеъмол сарфини режага кўра, 10 фоизга, яъни 233 миллион 103 минг кВт соатга иқтисод қилиш белгиланган. Кўрилган чоралар натижасида ҳар ойда ўртача 46,6 миллион кВт соат электр энергияси иқтисод қилинади.

Шу йилнинг июнь ойидан ҳозирга қадар вилоят ташкилотлари ҳамда туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан 85 та бинога 1 минг 418 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга қуёш панеллари, 102 дона қуёш сув иситгичлари, 5 минг 533 дона ҳаракат сенсор датчикли лампалар ўрнатилди. Бунинг натижасида бир ойда ўртача 434 минг кВт соат электр энергия иқтисод қилинмоқда.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Уй-жой бошқармаси томонидан маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари орқали электр энергияси истеъмолини 123,7 миллион кВт соатга қисқартириш бўйича аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Айни кунларда вилоятдаги маҳаллаларда аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига 588 минг 165 дона ҳаракат сенсор датчикли лампалар, 6 минг 535 дона қуёш панеллари, 2 минг 935 дона қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатилмоқда.

Бундан ташқари, вилоятдаги 144 та йирик корхонада электр энергияси истеъмолини 31 миллион 637 минг кВт соатга қисқартириш учун корхоналарга 12 минг 900 кВт қувватга эга қуёш панеллари, 1 минг 40 дона қуёш сув иситиш коллекторлари, 2 минг160 дона ҳаракат сенсор датчикли лампалар, биноларнинг ташқи ёритиш тизими учун 5 минг 760 дона қуёш ёритиш чироқлари ўрнатиш белгиланган бўлиб, ишлар режа асосида олиб борилмоқда.

Вилоятимизда электр энергиясидан оқилона фойдаланиш, тежаш, энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш борасидаги ҳаракатлар тўхтагани йўқ. Бу албатта, иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли хонадонларида электр энергияси сарфини тежаш, маълум миқдордаги маблағни иқтисод қилиш имконини беради. Бир сўз билан айтганда, таъминотнинг маромида бўлиши ҳаммамизнинг тежамкорлигимизга боғлиқ.