Атрофга назар

Энди аёллар ҳам катта сиғимли автобусларни бошқаради


20.11.2023   246

Ҳукуматнинг автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашга доир қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, аёлларни автотранспорт соҳаси билан боғлиқ касбларда меҳнат фаолиятини олиб боришда тенг шароитлар яратиш мақсадида уларга 14 ўриндиқдан ортиқ бўлган автобусларни бошқариш бўйича амалдаги тақиқни бекор қилинади.

Амалдаги тартибга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган низомнинг 27-бандига кўра, “C” ёки “D” тоифаларига оид автотранспорт воситаларини бошқариш учун аёлларга юк автомобилларини ёки автобусларни бошқариш муайян чеклашлар (автомобилларнинг юк кўтариши 2,5 тоннадан, автобусда йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошмаслиги керак) асосида рухсат этилади.

Шунингдек, мазкур қарорнинг 3-иловаси билан тасдиқланган низомнинг 5-бандига кўра, аёлларни “BC” ва “D” тоифаларига тайёрлашни ташкил қилишда юк автомобилларининг юк кўтариши 2,5 тоннадан ва автобусларнинг йўловчилар ташиш учун рухсат этилган сони 14 кишидан ошмаслиги керак.

Яъни, мазкур нормаларга мувофиқ аёллар фақатгина йуловчиларнинг сони 14 кишидан ошмайдиган автобусни ҳайдовчи сифатида бошқариши мумкин.

“Мазкур нормалар транспорт соҳасида гендер тенгликни таъминлаш ва катта сиғимли автобусларни (электробус) бошқаришда аёлларни жалб этишга имконият бермайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасига мувофиқ хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”, – дейилади Транспорт вазирлиги тушунтиришида.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорининг 2-иловаси 27-банди ҳамда 3-иловаси 5-банди хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқ эмас деб топилиши хулоса қилинади ҳамда мазкур нормаларни бекор қилиш чораларини кўриш таклиф этилади.

Вазирликка кўра, бугунги кунда йўловчи ташиш учун жалб қилинаётган автобуслар ва электробуслар ўзининг замонавийлиги ва бошқаришда қулайлиги билан ажралиб туради. Гидравликалик бошқариш (руль) хусусиятлари эса транспорт воситасини бошқаришда аёлларга ортиқча қийинчиликлар ва жисмоний зўриқишлар туғдирмайди.

Мазкур лойиҳа билан юқоридаги нормалар чиқариб ташланмоқда.