ЭНДИ УЙ-ЖОЙ МУАММОСИ ЯНГИЧА ҲАЛ ЭТИЛАДИ
10.07.2021 594
Мамлакатнинг олис қишлоқлари ёки аҳоли сийрак жойлашган тоғ ёнбағирларига меҳмон бўлиб борганлар яхши биладилар: аксар уй-жойлар кенг-мўл, хонадон эгалари ҳовлисида исталганча деҳқончилик қилиши, кучи етганича чорва боқиши мумкин. Бундай манзарага дуч келган шаҳарликлар одатда мезбондан ҳавас ва ҳайратини яширолмай "Бобонгиз ер ўлчаётганда дўппини жуда қаттиқ отган экан-да!" деб қўйишади.
Андижонликларнинг эса айни масалада "дўппи отиши" қарийб имконсиз - иборали айтганда, чойнакдаги чой совиб улгурмай айланиб чиқиш мумкин бўлган вилоятда аҳоли зич, ҳар қарич ер ҳисобли. Шу боис ҳам ҳудудда уй-жой мавзуси ҳамиша долзарб.
Ўрни келганда бир рақамга тўхталсак. 2018 йилнинг ёз ойларида хизмат юзасидан аҳолининг уй-жой билан таъминланиши мавзусида Андижон шаҳри мисолида ўрганиш олиб боришга тўғри келди. Айни шу йили давлатимиз раҳбарининг қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизм-ларини такомиллаштиришга доир қарори қабул қилинган, жойларда ҳужжат ижросига астойдил киришилган эди. Ўша йилнинг биринчи ярмида Андижон шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги хўжалик ҳисобидаги "Ҳокимлик балансидаги муниципиал тураржой фондлари ва ётоқхоналарини бошқариш хизмати" давлат унитар корхонасигауй-жой харид қилиш учун 36 минг киши ариза берган. Тасаввур қиляпсизми? Махсус комиссия ўрганишлардан сўнг уларнинг 18 минг 600 нафари тўлов қобилиятига эга эканлигини аниқлаган. Шундан бери мана уч йил ўтди. Шаҳарда одамларнинг энг зарурий эҳтиёжларини имкон қадар тезроқ қондириш мақсадида кўп қаватли уйлар қуриш жараёни қизғин давом эттирилмоқда.
Аммо масаланинг иккинчи жиҳати ҳам борки, бу янги-янги муаммолар юзага келиши билан боғлиқ. Яъниким, киши бошига тўғри келадиган яшил майдонларнинг ҳажми барча шаҳарлар учун бир хил меъёрда белгиланган. Кун сайин кўпа-йиб бораётган кўп қаватли уйлар энг аввало мана шу халқаро меъёрлар бузилишига олиб келади. Қолаверса, янги уйларга тортилажак сув, электр, газ тармоқлари кўпинча мавжуд коммуникация тизимларига қўшимча, оғир юк бўлиб тушади. Шаҳар инфратузилмаси борасида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Энг асосий муаммо эса "бузди-бузди"лар билан боғлиқ бўлиб, янги тураржойлар иқтисодиётга икки ҳисса қимматга тушиши баробарида айрим ҳолларда уйи "снос" рўйхатига кирган одамларнинг ҳаловати йўқолишига ҳам сабаб бўлаётганди. Ахир қушнинг ҳам ини бузилмасин, деган бекорга айтилмаган!
Президентимиз яқинда вилоятимизга ташрифи чоғида қатор истиқболли лойиҳалар билан танишиш асносида Андижон туманидаги адирликларда қурилажак янги шаҳарнинг тамал тошини қўйганлигини ҳудуд аҳли жуда катта мамнуният билан қабул қилди.
Таъбир жоиз бўлса, бузмасдан қуриш бўйича янги тажриба ва ташаббус узоқ келажакни ўйлаб, чуқур мулоҳаза, пухта ҳисоб-китоб асосида юзага келганлиги, Президентимизнинг андижонликларнинг ўй-хаёлларини, орзу-умидларини, дарду ташвишини юрак-юракдан ҳис этганлиги мевасидир.
Мазкур ташаббус амалда фойдаланиб келинаётган экин майдонларига тегинмаган ҳолда рўёбга чиқарилиши кўзда тутилгани эътиборли, албатта. Чунки унумдор қишлоқ хўжалиги майдонлари уй-жой ҳисобига қисқарган тақдирда озиқ-овқат захираси яратиш билан боғлиқ ишларга салбий таъсир кўрсатади. Шу маънода зикр этилаётган шаҳарга экин-тикин учун фойдаланилмайдиган адирликлар танланганини ҳар жиҳатдан оқилона қарор деб баралла айтиш мумкин.
Қарийб 4 минг гектар майдонда бунёд бўладиган янги Андижон, Президент таъбири билан айтганда, чинакам афсонавий шаҳарга айланиши шубҳасиз. Янги шаҳарнинг 2 минг гектар қисмида уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, саноат зоналари, хизмат ва сервис нуқталари қад ростлайди. Яна шунча майдонда эса яшил ҳудуд яратилади.
Давлатимиз раҳбари айни ҳудуднинг ўзида фаоллар билан учрашиб, кўнглидаги ниятларини баён қилди. Жумладан "Андижондаги уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун икки-уч йилдан бери ўзимни қийнайман. Чунки ер кам, тураржойларга талаб йиллар давомида тўпланиб қолган эди. Бир хонадонда бир нечта келин қайнонаси билан яшаётган оилалар кўп. Шунинг учун узоқни ўйлаб, янги шаҳар қуришга киришдик. Бу ерда 130 мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилади, 450 мингдан зиёд аҳоли яшайди", - дея таъкидлади Президент.
Янги шаҳар лойиҳаси 8 босқичдан иборат. Унинг коммуникация тармоқларини бошлаш учун жорий йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади. Жумладан,
Шундай қилиб, андижонликларнинг кўп йиллик орзу-умидларини мужассам этган ҳаётий лойиҳа рўёбига шиддат билан киришилди.
Нурилло НЎЪМОНОВ.
Суратда: Янги Андижон шаҳарчасининг кириш қисмида савдо ва сервис хизмати марказлари барпо этаётган "MIMAR GROUP" компаниясининг мутахассислари амалга ошириладиган ишларни режалаштирмоқдалар.
Хурсандбек Араббоев олган суратлар.
