Атрофга назар

ЭНДИЛИКДА ҚУРИЛИШ-ПУДРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ИНСОН ОМИЛИСИЗ АНИҚЛАНАДИ


18.11.2022   193

2023 йил 1 мартга қадар қурилиш объектларида камчиликлар ва қонун бузилиши ҳолатларини акс эттирувчи фото- ва видеоматериалларни юклаш имконини берувчи “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимининг мобил иловаси яратилади.

Президентнинг “Қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, очиқлик ва шаффофликни янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан инвестиция дастурлари ва ташаббусли бюджетлаштириш асосида молиялаштириладиган қурилиш лойиҳаларини амалга оширишнинг янги тартиби белгиланмоқда.

Қарорга кўра, қуйидагилар амалга оширилади:

  • объектларнинг лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимида инсон омилисиз аниқланади;
  • 2023 йил 1 мартга қадар қурилиш объектларида жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда камчиликлар ва қонун бузилиши ҳолатларини акс эттирувчи фото- ва видеоматериалларни юклаш имконини берувчи “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимининг мобил иловаси яратилади;
  • буюртмачи билан лойиҳачи ва пудратчилар ўртасидаги шартномалар фақат электрон имзо орқали тузилади;
  • манзилли рўйхатлар улардаги ҳар бир объектга идентификация рақами берилган ҳолда электрон тизимда юритилади;
  • хавф-хатар тоифасидан қатъи назар барча объектлар ваколатли органдан электрон рўйхатдан ўтказилади ва назоратга олинади;

объектлар юзасидан ҳоким ёрдамчиси, маҳалла фаоллари ва ёшлар етакчилари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа жамоат ташкилотлари жамоатчилик назоратини ўрнатади.