ЭНГ ЯХШИ САРМОЯ ТАЪЛИМГА САРФЛАНГАН САРМОЯДИР
06.09.2022 812
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ошириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Фарзандларимизнинг сифатли таълим олишлари учун барча қулай шарт-шароитларни яратиш, уларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқукий маданияти даражасини юксалтиришни, энг аввало мактаб тизимидан бошланаётгани, халқ таълими соҳасидаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг долзарб йўналишларидан бирига айлангани айни мақсад йўлидаги дадил қадамдир.



Ўзбекистоннинг келажакдаги жадал тараққиёти ёш истеъдодларни аниқлаш, иқтидорли болаларни танлаб олиш ва ўқитиш тизимини ташкил қилиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал имкониятларини намоён этишга кўмаклашувчи кўп тармоқли таълим муҳитини яратишни даврининг ўзи тақозо этди. Фарзандларимизни таълим жараёнида илғор технологиялар асосида ўқитиш ва тарбиялаш, илмий ва ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш бўйича яхлит тизимга эҳтиёж сезилгани рост.



Айни эзгу мақсадларни ўзида ифода этган ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш масаласи давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътиборга олингани жуда катта имкониятлар эшигини очиб берди. Хусусан, 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони йўналишдаги изчил ислоҳотларга дадил туртки бўлди.
Фармонга кўра, ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этишга ягона ёндашувни шакллантириш, ушбу мактаблар тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда таълим жараёнига малакали раҳбар ва педагог кадрларни жалб этиш, иқфтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизими такомиллаштирилади. Бундай мактаблар Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфида бўлиб, уларга қабул параметрлари бир синфда ўқувчиларнинг энг кўп сони 24 нафардан ошмаслиги белгиланган.
Шунингдек, 2022-2023 ўқув йилида агентлик мактабларининг аниқ фанлар йўналишига қабул 5-11 синфларга, табиий фанлар йўналишига 7-11 синфларга амалга оширилган бўлса, кейинги йиллардан ўқувчилар 5-7 синфларга қабул қилинадилар. Айтиш жоизки, ўқувчиларни қабул қилишда аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижаларига таянилади.
Айни кунда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар республикамизнинг барча вилоят, шаҳар ва туманларида ташкил этилмоқда. Жумладан, Андижон вилоятининг барча шаҳар, туманларида мазкур замонавий қиёфадаги мактабларни қуриш, фаолиятини бошлаш бўйича жадал тадбирлар якунига етмоқда.
Бугун ана шундай иқтидорли болаларни бағрига жамлаган Андижон шаҳридаги Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб фойдаланишга топширилди.

Ўқув масканининг тантанали очилиш тадбирида сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мамлакатимизда халқ таълими тизимини ривожлантириш, фарзандларимизнинг етук ва баркамол авлод бўлиб камол топиши йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, бу йўлдаги вилоят ютуқларини мамнунлик билан қайд этди. Таълим муассасаси жамоасига машаққатли хизматларида куч-қувват ва масъулият, ўқувчиларга эса омад, улкан марралар тилади.


480 ўринли ушбу таълим масканига жорий ўқув йилида 288 нафар истеъдодли, чуқур билимли, теран мулоҳазали, кенг дунёқарашли, бир сўз билан айтганда, энг иқтидорли болалар ўқишга қабул қилиндилар. Муассаса келгусида 1000 ўринли бўлиши кўзда тутилган. ушбу ўқув даргоҳида Президентнинг юқорида келтирилган Фармонига мувофиқ ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул соғлом овқатланиш ташкил этилган, раҳбар ва педагог кадрлар уч босқичли синов якунларига кўра ишга қабул қилинган, ўқув жараёнлари халқаро таълим дастурлари асосида тайёрланган замонавий дарсликлар асосида олиб борилишга шай... Сунъий интеллект, робототехника, агротехнология, нанотехнология, биотехнология, IELTS, TOEFL ва SAT бўйича қўшимча курслар ташкил этилган. Ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда асосий ўқув дастурлари билан бирга синфдан ташқари касбга йўналтирилган амалий машғулотлар ўтказилиши йўлга қўйилган.
Бундай ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларни ўқитиш, билимини баҳолашнинг замонавий услубларини амалда татбиқ этибгина қолмай, таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган ўқитишнинг фанлараро ёндашувини жорий қилишга ҳам хизмат қилмоқда.
Зилола РАҲМОНОВА,
Сарварбек ЗУҲРИДДИНОВ олган суратлар.
