Атрофга назар

ЭРКАКЛАР ДАВОЛАНИШГА ОР ҚИЛАДИЛАР... МИ?


17.06.2022   399

Қариндошим келин олди. Келинчак олийгоҳ битирувчиси, куёв ишли. Кўнгилдаги ҳаёт бошланди. Қайнона-қайнота, оиладагилар келиннинг хизматидан миннатдор. Орадан ўтган уч йилнинг машаққати фақатгина фарзандга ташналик бўлди. Муҳит ўзгара борди. Уйдагиларнинг муомаласига совуқлик тушди. Боласизликка келин айбдор, деган хулоса чиқарилаверди. Эскича ҳам, янгича ҳам даволанишлар, “ўқитиш”лар кор қилмади. Яратганнинг марҳамати, дейилмади. Биргина “Ўғлингиз ҳам текширувга бориб кўрсин”, дея айтилган истихола оила бузилишигача борди. Фарзандининг бели тўла болалигини, келиннинг ўзи туғмас эканлиги иддао қилиниб, икки ёш ажратилди...

Ҳолат кўпчиликка таниш. Кундалик ҳаётимизда учраб турадиган бундай воқеаларни кўриб, эшитиб кўникяпмиз. Тўғри, беш қўл баробар эмас. Рўзғор аравасини бирга тортаётганларнинг айни муаммо сабаб биргаликда текширувлардан ўтиб, даволаниб фарзандли бўлганларига гувоҳмиз.

Андиша деган туйғудан бўлар-бўлмасда фойдаланаверадиган оналар борки, ўғилларининг шифокор кўригидан ўтишини хоҳлашмайди. Чунки боласида бирор камчилик аниқланса, унинг гап-сўзга қолишини истамайди. Натижада гулдек оила парокандаликка юз тутади. Агар икки ёш тўйдан аввал таниш-билишларини ишга солмай, тиббий кўрикдан ўтсалар, бундай муаммоларга дуч келиниши камаяди, албатта.

Исми сир тутилишини истаган йигит:

- Турмуш қурганимизга етти йил бўлса-да, фарзандли бўлолмадик. Йиллар давомида фақат аёлим даволанди. Мен эса мутахассисга ҳатто кўринишни номус деб билардим. Ошна-оғайниларим, таниш-билишларимнинг маломат қилишларидан чўчирдим. Шунинг учун ҳам жуфти ҳалолимнинг “Бирга даволанайлик”, дейишига кўнмасдим. Оила мустаҳкамлиги аслида дилбанд эканлигини вақт ўтгани сари янада чуқурроқ англай бошладим. Атрофдагилар гоҳ пинхона, гоҳ ошкора бу “айб”имизни юзимизга сола бошладилар. Аёлимнику қўяверинг, ҳатто онам ва опаларимнинг дашномларига ҳам чурқ этмай чидарди. Охири, ўзим қарор қилдим. Шифокор кўригига бордим. Текширувлардан ўтдим. Аслида мен даволанишим зарурлигини билганимдаги ҳолатимни тасаввур қилаверинг. Неча йиллардан буён қанча маломатларга тош тишлаб келаётган турмуш ўртоғимга ачиниб кетдим. Бироқ тан оламан, шунда ҳам унга айбсизлигини айтолмадим. Ғурурим йўл қўймади. Даволандим. Бу ҳақида ҳеч ким, оиламдагилар ҳам билишмади. Ҳозир шукрки, бир ўғил, бир қизимиз бор.

- Фарзандсизлик туфайли бизга мурожаат қилаётган оилалар оз эмас. Бироқ қабулимизга аксарият ҳолларда фақат аёллар келишади, даволанишади. Уларнинг айтишича, турмуш ўртоқлари гинеколог ҳузурига келишга орият қиларкан. Шундай ҳолатлар борки, текширув натижалари эр-хотиннинг биргаликда даволанишлари зарурлигини кўрсатади. Аслида эркакларда учрайдиган кучли шамоллаш, простата бези яллиғланиши, уруғдаги етишмовчиликлар ҳам боласизликка сабаб бўлиши мумкин. Бунда йигитларга уролог шифокор назоратида тавсия этилади. Муҳими, шу ташаббус кучли жинс вакилининг ўзидан чиқиши керак. Турмуш ўртоғига “Айб сизда экан”, дейиш осон эмас. Даволаниш уят эмас, аксинча, эр йигитнинг фарзанд кўришга қодир эканини исботлашнинг энг тўғри йўлидир. Шу муаммо билан оиласидан жарашиб, қайта уйланиб ҳам тирноққа зор ўтаётган эркакнинг руҳий ҳолатини бир тасаввур қилиб кўринг-а. Уйланиш бўсағасида турган йигитларимиз шу ҳақиқатни тўла англаб етсалар, оилалардаги ажримлар сони бир қадар камаярмиди?

Шу тиббий кўриклару муолажаларни эртароқ қилмаганимга афсусланаман. Балки ўшанда – тўйимизнинг илк йилларида шундай қилганимда оталик бахтига эртароқ эришармидим... Лекин майли, ҳечдан кўра кеч яхши.

Гинеколог фикри:

- Аёл, барибир аёл-да. Унинг андишаси, ҳаёси уйдги гапни кўчага олиб чиқмасликка ундайверади. Гоҳида бир ёстиққа умид билан бош қўйган умр йўлдошининг айби учун ҳам йиллаб азоб чекади. Маломатларга ўзини қалқон қилади. Баъзида бефарзандлик аламини юрагининг туб-тубига кўмиб ташлайди, эрининг номига гард юқтирмайди. Ахир у оиласининг устуни, жуфти ҳалоли-да...

Оила мустаҳкамлигига аёл ҳам, эркак ҳам бирдек масъул, деймиз. Аммо юқоридаги каби воқеаларни кўрган, эшитганимизда кўнглимиздан ўтадиганлари дилни ғашлайди. Кимни айбдор қилиб, кимга далда беришни билмай қоламиз. Гоҳи эса билиб-билмай хулосага шошиламиз.

Аслида эса мазкур масалага ечим, шу муаммо сабаб дарз кетаётган оилалар мустаҳкамлиги оила соҳибларининг ўзига боғлиқ. Даволаниш айб эмас – нажотдир!

Зилола РАҲМОНОВА.