Етти иқлим

Эронда президентлик сайловларининг иккинчи тури ўтадиган бўлди


01.07.2024   301

Иброҳим Раисийнинг фожиали ҳалокатидан сўнг Эронда муддатидан аввал ўтказилаётган президентлик сайлови ғолиб иккинчи турда аниқланадиган бўлди. Биринчи турда номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан кўпроқ овоз жамғара олмаган.

Биринчи турда Ислоҳотчилар қанотидан ягона номзод, этник озарбойжон Масъуд Пезешкиён 42,5, консерваторлар қанотидан номзод Саид Жалилий эса 38,5 фоиз овоз жамғарган.

Сайловда иштирок этган яна икки номзод — Муҳаммад Бақир Ғолибоф ва Мустафо Пурмуҳаммадийга сайловчиларнинг камроқ қисми овоз беришган.

Эрон Ички ишлар вазирлигининг сайлов штаби мамлакатнинг 9-президентини аниқловчи 14-сайлов мамлакат ичида 59 мингдан зиёд, яна хориждаги 95 та давлатлардаги сайлов участкаларида ўтган 14-президентлик сайловлари ғолиби энди иккинчи турда аниқланишини эълон қилди.

Сайловнинг иккинчи тури 5 июл жума куни ўтказилади. Унда Масъуд Пезешкиён ва Саид Жалилий ғолиблик учун курашади. Сайловчиларнинг оддий кўпчилик овозини жамғарган номзод Эроннинг 9-президенти деб эълон қилинади.