Атрофга назар

Эрта ташҳис ва замонавий ёндашув устувор


11.04.2026   6

Баҳор фаслида инсон организмида мавсумий ҳолсизлик, халқона айтганда илик узилди даври юз беради. Шу боис, кўплаб касалликлар кўкламда ўз “бўйини” кўрсатади. Жумладан, бўқоқ, яъни қалқонсимон без касаллиги ҳам. Бундай ҳолатларда беморлар вақтни бой бермай тор соҳа мутахассисига мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ.

Айни даврда аҳолига кўрсатилаётган эндокринология хизматини халқаро андозалар даражасига олиб чиқишни, ушбу касалликлар профилактикаси ва диагностикасини изчил йўлга қўйишни тақозо этмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар эса ўз самарасини беряпти. Хусусан, ўзим фаолият юритаётган Андижон Давлат тиббиёт институтиэндокринология кафедраси ва клиникаларида замонавий ташхислаш ва даволаш усуллари босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Ҳозирда муассасамизда эндокрин касалликларни бошқаришда кўпнозология — қандли диабет, семизлик, қалқонсимон без, гипофиз бези, жинсий безлар касалликлари, бепуштлик, остеопороз, метаболик синдром ва эндокрин гипертония бўйича беморларга малакали тиббий хизматлар кўрсатилмоқда. Айни пайтда, соҳани янада ривожлантириш мақсадида бирламчи тиббий бўғинда касалликларни эрта аниқлаш, тўғри маршрутизация қилиш ва асоратларнинг олдини олиш ишларини янги босқичга кўтариш устида иш олиб бориляпти.

Шунингдек, эндокринология соҳасига сунъий интеллект ва илғор рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш орқали тиббий хизмат сифатини ошириш, қарор қабул қилиш жараёнларини тезкор ва аниқлаштириш ҳамда тиббиёт ходимлари самарадорлигини юксалтириш асосий мақсадларимиздан биридир. Муассасамизда фаолият юритаётган эндокринолог шифокорлар, ўрта тиббиёт ходимлари беморларимиз дардига дармон бўлишга, касалликнинг олдини олиш ва қарши курашишда чинакам суянч бўлмоқдалар.

Маълумки, эндокринологик касалликлар аксарият ҳолларда оғир асоратлари билан хавфлидир. Амалиётимизда энг кўп учрайдиган касалликлардан бири — бўқоқ, яъни қалқонсимон без касалликларидир. Қабулимизга келаётган беморларнинг аксарияти айнан шу хасталикдан азият чекмоқда.

Қалқонсимон без — бўйиннинг олд қисмида жойлашган бўлиб, тироксин ва трийодтиронин гормонларини ишлаб чиқаради. Ушбу гормонлар организмдаги кўплаб ҳаётий жараёнларни, жумладан, асаб тизими, юрак-қон томир, ошқозон-ичак ва суяк-таянч тизимлари фаолиятини бошқаради. Ҳатто инсон миясининг нормал ишлаши ҳам айнан шу без фаолиятига бевосита боғлиқ. Қалқонсимон без касалликлари турли омиллар таъсирида юзага келади. Улар қаторига аутоиммун ва инфекцион касалликлар, йод танқислиги, доимий стресс, организмдаги интоксикация, шунингдек, оқсил ва витаминлар етишмаслигини киритиш мумкин.

Тиббий жиҳатдан бўқоқ касаллиги диффуз, тугунли ва аралаш турларга бўлинади. Шунингдек, гормонал фаолиятига кўра гипотиреоз, эутиреоз ва гипертиреоз шакллари фарқланади. Айниқса, диффуз-токсик бўқоқ, яъни халқ орасида “заҳарли бўқоқ” деб аталувчи тури алоҳида эътибор талаб қилади. Бу ҳолатда қалқонсимон без катталашиб, гормонлар меъёрдан ортиқ ишлаб чиқарилади. Натижада беморларда асабийлик, юрак уриши тезлашиши, безовталик, вазн йўқотиш, соч тўкилиши, кўп терлаш, қўлларда титроқ, кўзларнинг катталашиши каби белгилар кузатилади. Шунингдек, уйқусизлик ҳам беморни жиддий қийнайди.

Касалликка аниқ ташхис қўйиш лаборатор таҳлиллар ва инструментал текширувлар орқали амалга оширилади. Замонавий тиббиёт бўқоқ касаллигини даволашда уч асосий усулни таклиф этади: медикаментоз даволаш, радиоактив йод терапияси ва жарроҳлик амалиёти.

Муҳими, бундай ташхис қўйилганда бемор, албатта, шифокор назорати остида даволаниши шарт. Акс ҳолда касаллик турли оғир асоратларга олиб келиши мумкин.

Эндокрин касалликларни эрта аниқлаш, замонавий технологиялар асосида самарали даволаш ва аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш — соғлом жамият барпо этишнинг муҳим шартларидан биридир. Инсон саломатлигига қаратилган ҳар бир эътибор келажакка қаратилган энг катта сармоядир.

Яйрахон КУЛДАШЕВА,

Андижон давлат тиббиет институти эндокринология кафедраси ассистенти,

фалсафа фанлар доктори,олий тоифали эндокринолог шифокор.