Андижонда

Фахрийлар билан мулоқот ҳаёт дарсидир


30.03.2024   697

Андижон вилояти суди томонидан суд фахрийлари, судьялар, тизим ходимлари ҳамда талабалар иштирокида “Уч авлод учрашуви” маърифий тадбири ўтказилди. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ташкил этилган учрашувда юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган йигит-қизлар иштирок этишди.

Ҳар бир соҳада бўлгани каби, суд тизимида ҳам устоз-шогирд анъаналари беқиёс аҳамиятга эга. Айниқса, ёш судьялар, суд идораларида хизмат қилиб келаётган кадрлар ҳамда бўлажак ҳуқуқшуносларнинг камолотида кўп йиллар судьялик лавозимида меҳнат қилиб, айни пайтда кексалик гаштини сураётган фахрийлар билан доимий мулоқотлар муҳимдир.

Учрашувда суд фахрийлари Мирзадаврон Ғофуров ҳамда Фазлиддин Шамсиддинов бугунги кунда тизимдаги жараёнлар, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар.

Бугунги кунда ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг аксарияти институтни тамомлагач, ўзи соҳаси бўйича ишлашни ният қилади. Жумладан, келгусида суд тизимида ишлаш истагидаги ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Мулоқотда бу соҳанинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда кадрлар захирасини яратиш мақсадида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди.

Қайд этилганидек, бугун суд идорасига судья ёрдамчиси бўлиб ишга кирган навқирон ҳуқуқшуносларнинг аксарияти йиллар ўтиб маълум ёшга етганда судьяликка тайинланишни ва айни лавозимда фаолият кўрсатишни орзу қилади. Бундай орзу-мақсадга эришиш учун мутахассисдан катта билим, кенг дунёқараш, муттасил изланиш, ҳалоллик, холислик, тўғрисўзлик, фидойилик каби хислатлар, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар талаб қилинади. Одил судловни таъминлашда ҳам юқоридаги жиҳатлардан ташқари, ўзи қабул қилган қарор учун жавобгарликни зиммасига олиш масъулияти ғоят муҳим.

Учрашувда вилоят суди судьяси Тилаволди Отабоев, фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро суди раиси Эркинжон Собиров, вилоят суди бош консультанти Умиджон Холдаров ва бошқалар мулоқотда тилга олинган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, талабаларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди.