Фаолият кўзгуси: атроф-муҳит муҳофазасига оид ишлар 820 фоизга ошган
21.11.2024 405
Андижон туманлараро иқтисодий суди томонидан одил судловни амалга ошириш, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойида жами 2 минг 836 та иқтисодий иш кўриб тамомланди. Кўрилган ишлар сони 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 4887 тага ёки 172,3 фоизга камайган.
Сўз бораётган даврдаги фаолият ўтган йилнинг 9 ойига нисбатан таққосланганда, бир неча турдаги низолар сони ошганлигини кўриш мумкин. Жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳақидаги ишлар 41 тага ёки 820 фоизга; ижара шартномасига оид низолар 73 тага ёки 182,5 фоизга; контрактация шартномасига оид ишлар эса 96 тага ёки 135,2 фоизга кўпайган.
Шу билан бирга, аксинча, банклардаги ҳисоб-варақалар бўйича банк операцияларини тўхтатиб қўйиш ҳақидаги ишлар 4 минг 440 тага, тўловга қобилиятсиз деб топишга оид ишлар 239 тага, ерга оид низолар 43 тага, энерго-ресурс қарздорликларини ундиришга оид ишлар 204 тага ҳамда кредит шартномасига оид ишлар 61 тага ёки 95,3 фоизга камайганлиги маълум бўлди.
Суд ишларининг сайёр мажлисларда кўриб чиқилиши уларнинг таъсирчанлигини ошириш билан бирга, жамоатчилик учун маълум маънода ҳуқуқий дарс ҳам ҳисобланади. Шу жиҳатлардан келиб чиқиб, низоларни бевосита жойларга чиқиб, сайёр суд мажлисларида кўриш амалиётига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, зикр этилаётган муддатда жами 1 минг 691 та иқтисодий иш шу тарзда кўрилган бўлиб, бу жами низоли ишларнинг 63,7 фоизини ташкил этади.
Иқтисодий ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича айбдор шахсларга нисбатан 39 та суд таъсир чоралари қўлланилди.
Ҳисобот даврида 28 та иш тарафлар медиация келишуви тузганлиги учун кўрмасдан қолдирилган бўлса, 12 та иш бўйича тарафлар ўзаро келишув битими тузганлиги сабабли иш юритиш тугатилган.
Сардорбек Рустамов,
Андижон туманлараро иқтисодий суди раиси