Атрофга назар

Фаолият кўзгуси: никоҳдан ажратишга оид ишлар сони камайган


12.02.2025   553

Бўстон, Улуғнор ҳамда Шаҳрихон туманлари фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг юрисдикция ҳудуди ҳисобланади. 2024 йилда мазкур судга қарийб 14 минг 551 та даъво ва аризалар келиб тушган. Сўз бораётган даврда 4 минг 138 та фуқаролик иш кўрилган бўлиб, шундан 3 минг 200 таси қаноатлантирилган, 314 таси рад этилган, 588 таси кўрмасдан қолдирилган, шунингдек, 36 таси бўйича иш юритиш тугатилган.

Ўтган йилги ишлар 2023 йилга нисбатан қиёсланганда, никоҳдан ажратишга оид ишлар сони камайганлигини кўриш мумкин. Жумладан, шу тоифадаги 738 та фуқаролик иши келиб тушган бўлиб, улар кўрсаткичи 24 тага камайган. Никоҳдан ажратишга доир 440 та даъво ариза қаноатлантирилган.

Оилани сақлаб қолиш ва никоҳдан ажратиш ишларини камайтириш мақсадида 222 та хусусий ажрим ва тақдимномалар чиқарилиб, ижро этиш учун тегишли органларга юборилган.

Ушбу муддатда ер низолари билан боғлиқ 23 та иш бўйича даъво аризалар қаноатлантирилган бўлиб, 2023 йилга таққосланганда, 16 тага кўпайди демакдир.

Бундан ташқари, кредит қарздорликни ундиришга дахлдор ишлар сони ҳам ортган. Жумладан, 5 минг 892 та фуқаролик иши қаноатлантирилган (2023 йилда 5 минг 561 тани ташкил этган).

Бугунги кунда судлар томонидан суд мажлисларини сайёр тартибда кўриш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йилда 280 та фуқаролик иши сайёр суд мажлисларида кўриб ҳал этилган.

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” дастури ва маҳаллабай сайёр қабуллар режаси асосида судьялар ўзларига бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш юзасидан сайёр учрашувлар ўтказиб келмоқдалар.

Тадбиркорлар ва аҳоли билан учрашувларда суд раиси ва судьялар томонидан аҳолига янги қабул қилинаётган қонунлар, шунингдек, суд томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтириб келинаётир.

Хуршидбек Исомиддинов,

фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг раиси