Андижонда

ФАОЛЛАРГА “МАҲАЛЛА ИФТИХОРИ” КЎКРАК НИШОНИ ТОПШИРИЛДИ


06.09.2022   527

Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги байрами муносабати билан вилоятимизда маҳалла тизими ишида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимиз “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 июлдаги “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган мазкур мукофот жамият ҳаётида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини ошириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор юртдошларимизни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тизимда самарали фаолият кўрсатаётган 48 нафар соҳа фидойиларига “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини, пул мукофоти ҳамда Тошкент вилоятидаги “Навбаҳор” сиҳатгоҳида бепул даволаниш учун йулланмаларни тантанали равишда топширди.