Андижонда

ФАРҒОНАЛИК ЖУРНАЛИСТЛАР АНДИЖОНГА ТАШРИФ БУЮРИШДИ


24.03.2022   848

Бугун - Наврўзи оламнинг бетакрор шукуҳи дилларга шодлик улашаётган кезда қўшни Фарғона вилоятининг оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳи Андижонга ташриф буюришди.

Меҳмонлар дастлаб андижонлик ҳамкасблари билан биргаликда Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасининг мажлислар залида ташкил қилинган пресс-турда иштирок этишди.

«Ҳамкорлик истиқболлари» мавзусидаги илғор иш тажрибаларини ўрганиш ва фикр алмашиш юзасидан ўтказилган мулоқотни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Маҳпурахон Артиқова очиб, андижонлик ОАВ ходимларининг бугунги ижодий фаолияти, соҳадаги ютуқлар, янгиликлар билан таништирди. Журналистика фахрийлари замин яратганижодий солномага алоҳида тўхталди. «Устоз-шогирд» анъанаси тажрибаси мамнунлик билан қайд этилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Зоҳиджон Тожибоев ўз сўзида ижодий ва дўстона ташрифлар ОАВ вакиллари учун чинакам маҳорат майдони, тажриба мактаби бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Юртимиздаги кенг кўламли бунёдкорлик жараёни, хусусан «Янги Андижон» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари тўғрисида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидовнинг андижонликлар ҳақидаги самимий фикрлари, устоз журналистлар хусусидаги эътирофлари қизиқиш билан тингланди.

Ижодий мулоқот сўнггида ҳудуддаги ислоҳотларни амалга оширишдаги жонбозлиги ҳамда Андижонда ОАВни янада ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларининг эътирофи сифатида меҳмонлар номидан вилоят ҳокимига махсус совға тақдим этилди.

Матбуот анжуманидан сўнг меҳмонлар «Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари таҳририяти ҳамда вилоят телерадиокомпанияси фаолияти билан яқиндан танишдилар.

  • Қалам аҳли учун бундай ижодий учрашувлар жуда зарур эканлигини бугун яна бир бор ҳис қилдим, -дейди «Фарғона ҳақиқати» ва «Ферганская правда» газеталари Бош муҳаррирининг ўринбосари Тамара Тошматова. – Ўзаро тажриба алмашишлар ҳамкасблар малакасини ошириш, ёш журналистлар тайёрлаш, соҳа ходимлари учун етарли меҳнат шароитлари яратишга кўмаклашиш билан бир қаторда, ҳудудлардаги кенг кўламли ислоҳотлар одими билан яқиндан танишиш имконини бермоқда.

Меҳмонлар вилоятимизнинг диққатга сазовор жойларида бўлишиб, Андижондаги ижобий ўзгаришларни кузатдилар.

Файзли дастурхон атрофида, бир пиёла чой устидаги самимий суҳбатлар ҳар икки вилоят ижодкорлари учун унутилмас лаҳзаларга айланди.

Зилола РАҲМОНОВА.