Атрофга назар

Фармон ва ижро: Жамоатчилик назорати катта куч


26.07.2024   726

Жамият тараққиётида коррупцияга қарши курашиш катта аҳамиятга эга. Бусиз ривожланишга эришиб бўлмайди. Давлатмиз раҳбарининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада дадил қадам бўлди.

Унга кўра, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қатор мажбуриятлар юклатилди.

Яъни, ҳар чоракда Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари кесимида содир этилган коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилади ва ушбу жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш учун Агентлик ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиб боради.

Шунингдек, ҳар ярим йилда жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларга имкон берган омилларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар Миллий кенгаш йиғилишларида тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилиб борилади.

Фармон билан Очиқ маълумотлар портали ҳамда вазирлик ва идораларнинг веб-сайтларига бошқа очиқ маълумотлар қаторида қуйидагилар жойлаштирилиши қайд этилган:

ҳудудлар кесимида “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги (зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана ва рўйхатдаги тартиб рақами) маълумотлар;

болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати) тўғрисидаги (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ҳамда ташкилот рақами) маълумотлар;

давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби (низом, регламент, йўриқнома ёки бошқа ички идоравий ҳужжат);

марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар.

Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланган. Унинг асосида давлат бошқаруви ва давлат хизмати, маъмурий тартиб-таомиллар, давлат харидларини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳаларида ҳамда суд-ҳуқуқ тизимида коррупциянинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорлик кучайтириляпти.

Фармон ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг жорий йил 16 июль куни тегишли қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ва масъулларга манзилли вазифалар юклатилди.

Бир сўз билан айтганда, юқоридаги каби муҳим тизимларда очиқлик кенг жорий этилаётгани бу иллатга чек қўйишга хизмат қилади.