Атрофга назар

ФАРЗАНДИНГИЗ ҚАНДАЙ МУЛЬТФИЛЬМ КЎРЯПТИ?


11.05.2022   30

Эндигина тўрт ёшдаги ўғлимнинг интернет орқали кўраётган мультфильмлари эътиборимни тортди. Нуқул “ур-сур, йиқит-тўнтар, ўлдир” қабилидаги жангари саҳналардан иборат тасвирлардан, очиғи, кўнглим хира тортди. Шу вақтгача буни назорат қилмаганим айбим! Аммо менталитетимизга зид оммавий маданият ўчоғи бўлган бундай лавҳаларнинг мультфильмларда ҳам очиқдан-очиқ акс этаётгани фожиамизку!

Биргина менинг мулоҳазаларим, эҳтимол кимлар учундир ўринли бўлмас, шунинг учун юртдошларимиз фикрларга қулоқ тутдик.

Гулбаҳор Эралиева, ўқитувчи:

-Ўн ёшли ўғлим масофа орқали бошқарилиб томоша қилинадиган жангари мултфильмларни кўради. Ҳар сафар қўлидан телефонни олиб қўйишимга қарамай аллақачон ўрганиб бўлгани боис ўйнашни қўймасди. Охири репититорга бериб қутилдим. Мактабдан сўнг репититорга қатнайди. Қийинчилик билан бўлса-да, китобга меҳри уйғонди.

Машҳура Воҳидова, уй бекаси:

-Қизим “Маша ва айиқполвон”ни севиб тамоша қилади. Бироқ мен буни истамаяпман, чунки фарзандим худди мультфильмдаги қизалоқ каби ўжар, қайсар ва ўта тўпалончи бўлиб кетяпти.

Дилдора Каримова, банк ходимаси:

-Олти ёшли қизчам хориж мультфильмларини кўради. Айниқса, телефон орқали алламбало пардоз-андозга ўргатувчи мультфильмларни топиб олади. Аввалига эътибор бермадим, бироқ қарасам, хали бола бўлган дилбандим ойна тагидан нари кетмаяпти. Косметика воситаларимни олиб худди мультфильмдагидек пардоз қилишга уриняпти. Қаттиқроқ танбеҳимдан ва албатта, телефонни бермай қўйганимдан сўнг ҳолат яхшиланди.

***

Эътиборингизга ҳавола этганимиз айримларнинг фикрлари холос. Шуларнинг ўзиёқ бизни мулоҳазага чорлайди. Кўринадики, хориж мультфильмларидаги менталитетимизга зид тасвирлар фарзандларимизнинг болалигини олиб қўйяпти.

Сиз билан биз қандай мультфильмларни кўриб улғайгандик?

Ёдингизда бўлса, қирчиллама қишда қизалоқнинг икки қуёнчага уй қуриб бериши ҳақидаги мультфильмни севиб томоша қилганмиз. Ундаги қаҳрамон қизалоқнинг меҳрибончилигини кўриб, ана шундай меҳрли бўлиш, нафақат одамларга, балки жонзотларга нисбатан ҳам ғамхўрлик қилиш инсоний фазилат эканини билганмиз.

“Зумрад ва Қиммат”, “Шолғом тортиш”, “Қундуз амакининг қиссалари”, “Лолонинг саргазаштлари” каби мультфильмлар бизга ҳақиқий болаликни берган. Улардаги ижобий қаҳрамонлардек меҳрибон, қувноқ, ғамхўр бўлишни истаганмиз, салбий образларни ёмон кўрганмиз. Ҳатто болаларча ўйинларимизда ҳам шу мультфильмлардаги яхши қаҳрамонларни талашиб-тортишиб ўйнаганмиз. Ёмонларидан қочганмиз.

Бугунчи? Бугун фарзандларимиз айнан салбий образларга тақлид қилишни кўпроқ хоҳлашяпти. Хўш, сабаби нима? Аслида бировни айбдор қилишдан аввал пичоқни ўзимизга урганимиз маъқул. Ўзимизнинг “муҳим” ишларимиз учун дилбандларимиз болалигини бой беряпмиз – бу ҳақиқат. Уларнинг соатлаб телевизор, интернет, телефон қаршисида ўтиришлари, ўзлари истаган мавзуни кўришларига тўсқинлик қилмаяпмиз. Қандай мультфильм кўраётганларига қизиқмаяпмиз. Чунки фарзандларимиз хархаша қилмаса бас – биз ишларимизга улгуриб олсак кифоя! Мана бизнинг хатоимиз!

Юқорида юртдошимиз тилга олган “Маша ва айиқполвон” мультфильми чиндан ҳам юморга бой. Ҳатто катталар ҳам қизиқиб қолади. Қизалоқнинг қитмир қилиқларига куласиз. Аммо айнан шу хурмача ўйинлар болаларимизни тарбия мезонларидан четлатаётгани рост. Худди қизчага ўхшаб уйни бетартиб қилишлар, идиш синдиришлар, томорқадаги гулу кўкатларни пайхон этишлар... хонадонингиздаги шу мультфильмдан ўрганаётган қизингизнинг эркаликларини эслатмаяптими?

Хорижнинг ўр-тўпалон мультфильмлари эса болаларимизни китобдан йироқлаштириб, шовқинли кўча ҳаётига яқинлаштириб қўйяпти. Улар ўртасида исталмаган тарзда гуруҳбозликлар авж оляпти.

Бугун фарзандимиз кўраётган тасиврларни назорат қилмасак, эртага уларнинг келажаги учун қайғурмаганимизни тушуниб етамиз. Бироқ унда кеч бўлади.

Менталитетимизга зид мультфильмлар миллат келажагига болта уриш билан баробар. Уларни кўриб улғаяётган дилбандларимизнинг дийдаси қотяпти, бемеҳрликни ўрганяпти, инсонийликдан четлашяпти ва энг асосийси жуда тез катта ҳаётга кириб келяпти, болалигини эрта йўқотяпти.

Сизнинг фарзандингиз қандай мультфильм кўряпти?..

Зилола РАҲМОНОВА.