ФАРЗАНДИНГИЗ ҚАЙСИ ОРОМГОҲДА ДАМ ОЛМОҚЧИ?
06.06.2022 601
Ёзги таътил бошланди. Ўқувчиларнинг қувончи чексиз. Йиллик ўқув машғулотлари чарчоғини қай тарзда чиқаришни аллақачон режалаштирганлари табиий. Кимдир репититорга қатнайди, кимдир оромгоҳда вақтини чоғ ўтказишга бел боғлаган, яна кимдир бувию бувасининг хизматига шай... Хуллас, мароқли дам ҳар кимнинг истаги билан боғлиқ.
Шу ўринда бугун тўхталмоқчи бўлган мавзуимиз кўпчиликни қизиқтиришига ишонамиз. Хўш, ёзги оромгоҳларнинг жорий йилдаги қамрови қандай?
Айни кунда Андижон вилоятида 7 ёшдан 14 ёшгача болалар сони 482 минг 486 нафарни ташкил этади. 2022 йил ёз мавсумида режа бўйича 14 та шаҳар четидаги оромгоҳларда 9100 нафар, 45 та кундузги оромгоҳларда 13350 нафар, жами 22450 нафар болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари режалаштирилган. Бу рақам 7 ёшдан 14 ёшгача болаларнинг 4,6 фоизи учун дегани. Қўшимча ташкил этилаётган шаҳар четидаги 5 та оромгоҳда эса мавсум давомида 3400 нафар, қўшимча 18 та кундузги оромгоҳларда 5700 нафар, жами қўшимча 9100 нафар, умумий ёз мавсуми давомида 31550 нафар болалар дам олдирилади. Бу 7 ёшдан 14 ёшгача болаларнинг 6,5 фоизини ташкил этади. Мисолларга юзлансак.
Масалан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилояти кенгаши тасарруфидаги Андижон тумани Янги тўлқин маҳалласида жойлашган “Боғишамол” оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган. Мавсум охирига қадар 5 сменада иш ташкил қилиниши режалаштирилган.
“Андижон ҳудудий электртармоқлари” корхонаси А.Ж. тасарруфидаги “Энергетик” оромгоҳи Булоқбоши тумани, Байналминал маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган. 200 ўринли мазкур ҳордиқ масканида ҳам 5 смена иш ташкил этилган.
Бу каби асосий оромгоҳлардан ташқари болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш учун фаолият кўрсатадиган қўшимча шаҳар четидаги 5 та оромгоҳ ҳам борки, уларда 5 сменада мавсум якунига қадар жами 3400 нафар фарзандлар ҳордиқ чиқарадилар. Жумладан, Хонобод шаҳар, Кампиробод маҳалласида жойлашган Андижон давлат университети қошидаги дам олиш масканини Марҳамат туман ҳокимлиги ҳамда АДУ ўз тасарруфига олган. 100 ўрнига эга мазкур оромгоҳда мавсум давомида 500 нафар болалар билимларини қизиқарли ўйинлар, интерфаол усуллар ёрдамида мустаҳмалаш асносида соғломлаштириш тадбирларида фаол иштирок этадилар.
Бугун Андижонда келажак ворисларининг ёзги таътилни кўнгилдагидек ўтказишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Оромгоҳларда билимларни мустаҳкамлаш, тил ўрганиш, соғломлаштириш, спорт билан шуғулланиш бўйича қулайликлар бисёр.
Дарвоқе, вилоятдаги оромгоҳлар жорий йилнинг 7 июнь санасидан фаолиятларини бошлайди.
Танлов ўз қўлингизда, азиз ота-оналар!
Зилола РАҲМОНОВА.
