Атрофга назар

ФАРЗАНДИНГИЗ МАКТАБДА ТОЗА СУВ ИЧЯПТИМИ?


06.09.2022   208

Кечадан барча мактабларда янги ўқув йили бошланди. Вилоятимиздаги мавжуд 762 та ўрта махсус таълим муассасаси 596 мингдан зиёд ўқувчиларни ўз бағрига олди. Биринчи қўнғироқ садолари остида шинам ва ёруғ хоналарда дарслар бошланди. Ўқиш, таълим олиш учун шароитлардан кўнгил тўқ.

Лекин ташкилий ишлар қай даражада? Масалан, ҳамма мактаблар тоза ичимлик суви билан таъминланганми? 5-6 соат давомида болаларнинг чанқаши табиий ҳол. Хўш, таълим муассасаларида ичимлик сувига қўйилган санитария талабларидан барча бирдек хабардорми?

“Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари»да ичимлик режимини таъминловчи ташкилотларга талаблар белгиланган. Унга кўра, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг махсус гигиеник талабларга мос тоза ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилган.

Яъни, таълим муассасаларида ичимлик режими қуйидаги шаклларда: стационар сув ичиш фавворачалари, идишлардаги қайнатилган сув ва қадоқланган сув ҳолатида ташкил этилиши керак. Ўқувчилар таълим муассасасида қоладиган вақт мобайнида сувдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши лозим.

Стационар ичимлик фавворачалари 10 см.дан кам бўлмаган вертикал сув оқими атрофида чегаралаб турувчи доиранинг бўлиши ҳам кўзда тутилган. Агар мактаб маъмурияти идишдаги сув орқали ичимлик режимини ташкил этса, у етарли миқдордаги тоза идишлар, шунингдек, тоза ва ишлатилган чинни ёки фаянс идишлар учун алоҳида патнислар билан таъминлаши лозим. Бир марталик идишларни тўплаш учун махсус контейнерлар бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, қадоқланган сувнинг сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжати бўлиши шарт.