Фирибгар жазосини олди
25.08.2026 30
Бугун интернет тармоғи катта тижорат бозорга айлангандек гўё. Ижтимоий тармоқлар орқали кимдир уй савдосини реклама қилса,кимдир машиналарни сотувга қўйиб, мақтовнинг кифтини келтирадиган бўлиб қолди. Айниқса, турли овқатларни, кийим-кечакларни, эски-тускилару уй ҳайвонларининг суратию видеосини қўйиб, кўз-кўз қилаётганлар сони ортиб боряпти.
Агар мақтаётган маҳсулотлари, товарлари ўзида бўлсаку, хўп. Ўзида йўқ нарсанингвидео ва суратларини интернет тармоғидан олиб, ҳудди ҳовлисида тургандек кўзни шамғалат қилиб, кўпларни чув тушираётганлар ҳам учраб тургани ташвишли. Энг ачинарлиси, уларга алданаётганлар ҳам атрофимиздаги одамлар.
Яқинда интернет орқали осон даромад илинжида фуқароларни алдаб, пулларини ўзлаштирган шахснинг қилмиши фош этилди.
Telegram тармоғидаги «XAYVON PARRANDALARI» гуруҳига зотли қора товуқларни сотиш ҳақида ёлғон эълон жойлаштирилган. Унда фирибгар «Notanish bola» тахаллуси орқали фуқаролар билан мулоқот қилиб, ишонч қозониш учун интернетдан олинган видеоларни кўрсатган.
Бундай парранда ишқибозларидан бири алоқага чиққан ва фирибгарнинг гапларини рост деб ўйлаган. Келишилган суммани тўлов қилган. Бироқ «етказиб бериш хизмати» ваъдаси бажарилмаган. Фирибгар тез фурсатда телефон қўнғироқларига ҳам, ижтимоий тармоқдаги ёзишмаларга ҳам жавоб бермай қўйган. Осонгина ундирган қора товуқнинг пулларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан жазо муқаррарлиги таъминланиб, фирибгарлик қилган фуқарога Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмига асосан суд ҳукми билан 1 йил 8 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ижтимоий тармоқлар орқалибу каби ёлғон савдо ҳолатлари тез-тез рўй бермоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари, албатта, тегишли чораларни кўришади. Лекин фуқароларнинг ўзи ҳам хушёрликни оширишлари зарур. Товарни кўрмасдан ва сотувчининг ишончли эканига амин бўлмасдан, олдиндан пул ўтказманг! «Жуда арзон», «фақат ҳозир», «олдиндан тўлов қилинг» каби шошилинч таклифларга алданманг!
Азизжон ХАЙДАРОВ,
Бош прокуратуранинг Кибержиноятларга қарши курашишда қонунийликни таъминлаш бўлими катта прокурори.
