Атрофга назар

Фуқаролик институтлари - таҳлил кўзгусида: ГРАНТ УЧУН ЁЗИЛГАН ЛОЙИҲАЛАР НЕГА FОЛИБ БЎЛМАЯПТИ?


23.04.2022   322

Андижондаги ННТлар фаолиятига бир назар ташлаш мақсадида Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Фарҳодбек Атаханов билан суҳбатлашдик.

- Президентимизнинг "Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги қарори, "2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди. Мазкур меъёрий ҳужжатларда ННТларни ривожлантириш, уларга кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш борасида қатор вазифа ва ваколатлар белгиланган. Бу борада вилоятимизда нима ишлар қилиняпти?

- Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят бўлими томонидан ННТларнинг умумий манфаатларини ифодалаш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда нодавлат секторини ривожлантиришга кўмаклашиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда, - дейди биз билан суҳбатда Фарҳодбек Атаханов. - Вилоятда 553 та ННТ фаолият юритмоқда. Уларнинг 56 таси Ассоциация аъзолари ҳисобланади. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташаббуслари билан Андижон шаҳридаги замонавий кўринишдаги қулай шароитларга эга "Маърифат уйи"дан 20 дан ортиқ жамоат ташкилотларига жой ажратилди. Бу масканни том маънода "ННТлар уйи" дейишга ҳақлимиз.

- ННТларнинг ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларини грант шаклида қўллаб-қувватлаш учун 3 та инстанция: Олий Мажлис, ЎзННТМА ва Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузурларида Жамоат фондлари мавжуд. Хўш, бу имкониятлардан фойдаланиш даражаси қандай?

-Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан "Меҳримиз сизга" аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази,"Hamroh" ННТ, "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар ассоциацияси бўлинмаси "Соғлом авлод учун" ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди ҳудудий филиали,Андижон шаҳар "Ёлғизлар, кексалар ва ногиронларнинг уюшган ҳолда дам олиш ва мулоқотда бўлишларини ташкил қилиш" жамоат маркази, вилоят Минтақавий тадқиқотлар маркази, "Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди ҳамда "Андижоннома" ва "Андижанская правда" , "Пахтакор", "Ҳақиқат" газеталари таҳририятларининг лойиҳалари бир неча марта молиялаштирилган.

ЎзННТМА ҳузуридаги Жамоат фондининг 2021 йилдаги биринчи грант танловига вилоятимиздан 16 та ННТ лойиҳа тақдим этди,3 таси ғолиб бўлди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди 2021 йилда 33 та ло-йиҳани жами 999 450 000 сўмга молиялаштирди. Уларнинг 6 таси ННТ лар улушига тўғри келади. Лойиҳалар давомида 137 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, ташкилотларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди.

Шу билан бирга халқаро ташкилотлар эълон қилган грант танловларида "Hamroh","Тадбиркор аёл"ННТлари, Фуқаролик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш маркази минтақавий бўлими, Ўзбекистон "Аграр соҳа аёллари" уюшмаси ҳудудий бўлими муваффақиятли иштирок этди.

- Аксарият ННТ раҳбарлари "Бир неча бор грант танловида иштирок этдим. Лекин ғолиб бўлмадим," дейди. Бунинг сабаби нимада?

- Лойиҳаларда камчиликлар бўлганлиги сабабли танловга қўйилмайдиёки экспертлар кенгаши томонидан паст баҳоланади. Асосий камчиликлар лойиҳаларнинг такрорланиши, Низом фаолияти ва мақсад бир-бирига зидлиги, мақсад ва вазифа аниқ кўрсатилмаганлиги, ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмагани, лойиҳа сметасининг мақсадга мувофиқ эмаслиги, харажатлар асослантирилмаганлигидир.

Фаолиятда молиявий манбаларни манзилли, мақсадли сарфлаш, қонунчиликда белгиланган имтиёз ва афзалликлардан самарали фойдаланиш зарур. Бу борадаННТ раҳбар ва ходимлари малакасини ошириш, давлат гранти танловларига ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар тайёрлаш, тақдим қилиш ва амалга ошириш борасидаги тажриба ва кўникмаларни оширишга қаратилган ўқув-амалий семинарларни ўтказиб бормоқдамиз.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.