Андижонда

Ғалла - 2023 :ХИРМОН ТЎЛА ТЎКИЛДИ ДОН ...


16.06.2023   563

Айни кунларда вилоятимизда ғалла йиғим-терими авжида. Буғдойзорлар оралаб комбайнлар жараённи аллақачон бошлаб юборган.

Бу йил вилоятимиз ғаллакорлари томонидан халқимиз ризқу насибаси бўлган бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил етиштирилди. Хусусан, 2023 йил ғалла учун 3091 та фермер хўжаликлари тасаруффидаги 72 500 минг гектар суғориладиган майдонларда бошоқли дон экинлари парваришланди.

Пахтаобод тумани ғаллакорлари ҳам айни кунларда ҳосилни йиғиштириб олиш учун қизғин ҳаракат қилмоқдалар. Ҳозирда отряд усулида иш ташкил қилиниб, 17 минг 882 тонна ғалла сотиш ниятида деҳқонлар астойдил ҳаракат қилмоқдалар.

– Ғалла майдонларининг катта қисмида ўрим ишлари энди бошланишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу йилги хирмонимиз анча юқори бўлишидан дарак бор, - дейишмоқда туман «Юнусов Ёқубжон» фермер хўжалиги деҳқонлари. – Жами 29 гектар ерга буғдой экканмиз. Ҳар бир гектардан ўртача 70 центнер ғалла оляпмиз.

- Йил яхши келди, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказдик, режани ҳам ортиғи билан бажариш ниятидамиз, - дейди комбайнчи Миржалол Убайдуллаев. –Буғдой пишгандан кейин қисқа вақт давомида йиғиштириб олинмаса, унинг бошоқларидаги дон ўз-ўзидан тўкила бошлайди. Шамол, ёввойи қушлар ва кемирувчилар зарари натижасида ҳосил нобудгарчилиги белгиланган миқдордан ошиб кетади. Шу боис ҳам уни нест-нобуд қилмасдан қисқа муддатда йиғиштириб олиш ҳаракатидамиз.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА.