Андижонда

Газ қувурлари кунлик назоратдан ўтказилмоқда


26.01.2026   14

Юртимизда кузатилаётган совуқ ҳаво ҳарорати пайтида аҳолига бир маромда табиий газ етказиб беришда газ тақсимлаш қурилмаларининг созлиги ва қувурларни газ ўтказувчанлиги асосий ўрин тутади.

Олтинкўл туманида бугунги кунда 669.5 км газ қувурлари орқали истеъмолчиларга табиий газ етказиб берилмоқда. Мазкур қувурларнинг 48.7 км ер остида, 620.8 км қисми эса ер устида жойлашган. Бугунга қадар чилангарлар томонидан 620 км қувурлар қайта назоратдан ўтказилди. Шунингдек, мавжуд 143 та газ тақсимлаш қурилмаларида ҳам созлаш, режали кўрик ишлари амалга оширилмоқда.

“...Куни кеча, “Олтинкўл-1” газ тақсимлаш шохобчаси чиқиш қисмидаги аҳоли тармоқлари ҳамда 4 дона газ тақсимлаш қурилмаларини назоратдан ўтказдик, - дейди “Олтинкўлтумангаз” газ таъминоти бўлими чилангари Хуршидбек Омонов. - Шунингдек, “Олтинкўл-2” автоматик газ тақсимлаш шохобчасидан чиқишдаги аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар учун чиқарилган коллекторда меъёрлаштириш ва созлаш ишлари бажарилди. “Олтинкўл-Марказ” йўналишидаги ҳаракатдаги ер устида жойлашган ўрта босимли диаметри Д-219 мм бўлган газ тармоғи махсус ускуна ёрдамида текширилди ва газ сизиб чиқиши аниқланмади...”

Қишнинг қаҳратон кунларида ишлашни ўзи бўлмайди. Мана шундай кунларда ҳам аҳолига газ етказиб беришда чилангарларнинг хизмати беқиёс. Кунлик газ тармоқларининг назорати ҳамда газ тақсимлаш қурилмаларидаги режим-созлаш ишларини олиб бориш ҳаво ҳароратининг даражасидан қатъий назар олиб борилмоқда. Соҳа ходимлари эса мана шундай совуқ кунларда ҳам ўз вазифаларини масъулият билан амалга оширмоқдалар.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати