Андижонда

ГАЗДАН ХАВФСИЗ ФОЙДАЛАНИШ БЎЙИЧА ТАРҒИБОТЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА


27.10.2022   237

Маълумки, об-ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида газ ва бошқа турдаги муқобил ёқилғи иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Эътиборсизлик сабаб ҳар йили куз-қиш мавсумида кўплаб инсонлар ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этмоқдалар. Жорий йилги мавсумни беталофот ўтказиш мақсадида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ходимлари аҳоли хонадонларида бўлишиб, истеъмолчилар билан учрашувларда профилактик суҳбатларни амалга оширмоқдалар.

Бугунги кунда Андижон туманида 65 минг 514 та уй ичи газ жиҳозлари хатловдан ўтказилган. Мазкур газ жиҳозларини техник кўрикдан ўтказиш билан бирга, газдан фойдаланиш қоидалари тушунтирилмоқда. Хусусан, туманнинг “Саноат” МФЙ ўрамида жойлашган кўп қаватли уйларда тумангаз ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

“Тарғиботларимиз давомида истеъмолчиларга ностандар, қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, дудбўрон ва мўриконларнинг тозалигига алоҳида эътибор қаратишлик, газ плиталари ҳамда уларнинг мўриларининг созлигига, уларни турли буюм ва тўсиқлар билан беркитилмаслигига ҳамда махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига алоҳида эътибор беришликлари уқтирилмоқда. Шунингдек. кўп қаватли уйларда шамоллатиш тизимининг соз бўлиши, ошхоналарга ўрнатилган газ плиталардан иситиш мақсадида фойдаланмаслик бўйича маълумотлар бериб ўтилди. Хонадонлар текширилиб, қўлбола иситиш печлари бор уйлардан печлар олиб ташланди ва фойдаланмаслик бўйича қатъий огоҳлантирилди”, - деди “Андижонтумангаз” газ таъминоти бўлими чилангари Зайнобидин Жўраев.

Қорасув шаҳридаги ҳовли уйларда ҳам мана шундай тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бунда ностандар қўлбола иситиш печларидан фойдаланмаслик, унинг хавфли томонлари ҳақида тушунтирилмоқда. Қўлбола печларни ишлатиш Ис газининг пайдо бўлиш имкониятларини кучайтиради ва шамоллаиш тизимига эътибор бермаслик одам соғлиғи ва ҳаётига хавф солади. Бунда печларнинг мўрилар вертикал ҳолатда эмас, балки горизонтал ҳолатда бўлганлиги учун ҳаво оқимида тутунни уй ичига қайти киришига ва истеъмолчи ҳаётига хавф туғдиришни сабаб бўлади. Қорасувлик газ ходимлари ҳам ана шу ҳолатларни олдини олиш мақсадида хонадонларда тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.

“Андижон шаҳридаги “Бўстон” даҳасидаги кўп қаватли уйларда ҳам шаҳаргаз ходимлари томонидан аҳолига тарғибот ишлари олиб борилмоқда, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали муҳандиси Муҳаммадсоли Қосимов. - Хонадонма хонадон юриш давомида сертификатга эга бўлмаган газ жиҳозларидан фойдаланлик, уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсия ва йўриқномаси талабларига риоя қилишлик, газ ускуналарни улаш тартиб қоидаларига риоя этишлик ва уларга резина шлангалар орқали уланишга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилмоқда. Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига ҳам огоҳлантирувчи тарғибот қоғозлари ва плакатлари ёпиштирилмоқда.”

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрганишлар ва тарғиботлар давом эттирилмоқда. Таъкидлаш лозим, олиб борилган ўрганишлар давомида бугунга қадар 500 дан ортиқ камчиликлар аниқланган бўлиб, соҳа ходимлари томонидан барчаси ўз вақтида бартараф этилди. Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича аниқ кўрсатмалар бериб ўтилмоқда.

“Ҳудудгаз АндижоН” газ таъминоти филиали матбуот хизмати