Андижонда

ГАЗНИ ТЕЖАШ БЎЙИЧА ТАРҒИБОТ ИШЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА


15.05.2023   278

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ходимлари жойларда истеъмолчилар орасида энергия ресурсларини тежаб ишлатиш, газдан оқилона ва хавфсиз фойдаланиш ҳамда энергиятежамкор газ жиҳозларидан фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини олиб бормоқдалар. Шаҳрихон туманининг “Янги Ваҳим” МФЙ ўрамидаги кўп қаватли уйларда ҳам ана шундай тарғибот ишлари олиб борилди.

Дастлаб соҳа ходимлари дастлаб хонадонларга ўрнатилган икки контурли иситиш қозонлари кўрикдан ўтказишди. Жумладан, бугунги кун об-ҳавосида иситиш қозонини қиш фаслидагидек 70 градусга эмас балки 50-40 градусга қўйса ҳам сувни иситишдан фойдаланиш мумкин ва бу орқали табиий газ тежалишига эришилади. Мана шундай аниқ ҳисоб-китоблар кўп қаватли уйларда яшовчи ҳар бир истеъмолчига тушунтирилди.

Шунингдек, туманнинг “Сарой” маҳалласи ўрамидаги истеъмолчиларга ҳам табиий газни тежаш бўйича тавсиялар берилди. Хусусан, бугунги кунда энергиятежамкор газ жиҳозларидан фойдаланиш, уларнинг хавфсиз жиҳатлари, айниқса иқтисодий жиҳатдан оила бюджетига фойда бўлишлиги ҳақида тушунтирилди.

“Ушбу маҳалла истеъмолчиларига ҳам қандай қилиб кунига камида 1 метр кубдан газ тежаш мумкинлиги ҳақида айтмоқдамиз,- дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Хуршидбек Қодиров. - Керакли вақтда газдан фойдаланиш ёки оддий чой қайнатиш вақтида ўзига керакли миқдордаги сувни қайнатиш каби ҳолатлар билан ҳам қанча газ тежаш мумкинлиги ҳақида маълумотлар бермоқдамиз...”

Бугун Шаҳрихон туманида 10 мингга яқин табиий газ истеъмолчиси истиқомат қилади. Агар кунига ҳар бир истеъмолчи 1 кубдан газ тежашга эришсалар, бир кунда 10 минг куб, бир ойда эса 300 минг куб газ тежалади. Ёинки истеъмолчилар ўз ҳамёнларидаги 114 миллион сўмни тежаган бўладилар.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати