Атрофга назар

Гендер тенгликни таъминлаш асосий қадриятлардан бирига айланмоқда


13.03.2025   551

Инсоният яратилибдики, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашиб келади. Шу жиҳатдан энг улуғ қадрият – бу унинг тўла маънодаги озодлигидир. Таниқли бенгал шоири Назрул Ислом “Озод бўлиб туғилгансан, мудом озод бўлиб қол!” деб ёзадики, бу чақириқ бутун Шарқ мамлакатлари халқларига катта таъсир этган. Ёки ўзимизнинг жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий “Хақ олинур, берилмас!” деган шиорни илгари сурган.

Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясига мувофиқ, аёллар ва эркакларнинг сиёсий ҳуқуқлардан фойдаланишдаги мақомини тенглаштириш аёллар орзу-умидининг кафолати бўлди. Аёллар ҳуқуқи инсон ҳуқуқи бўлгани учун ҳам хотин-қизларимиз инсон ҳуқуқларининг барчасидан тўлақонли фойдаланишлари керак. Шу маънода гендер тенглиги асосий қадриятлардан бири бўлиб қолди.

Барча бўғиндаги сайловларда иштирок этиш, яъни сайлаш ва сайланиш, давлат ва жамоат хизмати лавозимларини эгаллаш сингари ижтимоий ҳаётнинг муҳим пиллапоялари борки, бунда аёллар ўз ўринларини эгаллаб бормоқдалар. Бизнинг Янги Ўзбекистонда аёл ҳуқуқи, эркинлиги тўла ҳимояланган. Хусусан, айни масала Асосий қонунимизда, ратификация этилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам мустаҳкамланган бўлиб, бу тамойил бугун тўлақонли ишламоқда.

Президентимиз томонидан 2023 йил 11 апрелда ЎРҚ-829-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниб, 5 та кодекс ва 10 та қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Қонун талабига кўра, Адлия вазирлиги томонидан қонун мазмун-моҳиятини тушунтиришга мўлжалланган «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари кафолатлари янада мустаҳкамланди» номли рисола ва шу номдаги қўлланма, Судьялар олий мактаби томонидан «Аёллар ҳуқуқлари ҳимоясининг миллий ва халқаро даражада таъминланиши» номли рисола чоп этилди.

Судьялар, ички ишлар ва прокуратура органлари ходимлари учун «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш», «Гендер тенглик соҳасида одил судловни амалга ошириш бўйича халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик», «Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар билан ишлаш», «Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик шакллари: сабаблар ва ечимлар», «Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш» мавзуларида ўқув машғулотлари ташкил этилди.

Азалдан Шарқда, жумладан, бизнинг мамлакатимизда аёллар ва оналарнинг оиладаги давлат бошқарувидаги иштироки катта ўрин тутган. Юқорида таъкидлаганимиздек, мазкур йўналиш давлат сиёсатида устуворлик касб этмоқда. Буни 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастуридан ҳам билиш мумкин.

Ушбу дастурнинг 42-бандида салоҳиятли хотин-қизларни раҳбарлик лавозими учун мақсадли тайёрлаш кўзда тутилган. Айнан шу ҳужжатга асосан “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастури тасдиқланган. Ҳаракатдаги бу тизим мамлакатимизда хотин-қиз раҳбарларни тайёрлашда муҳим роль ўйнамоқда. Бу ишларнинг барчаси жамиятимизда аёллар ҳуқуқи устуворлигини белгиловчи омиллардир.

Назокат Гаппарова,

фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг судьяси