Андижонда

ГЕРМАНИЯЛИК ШИФОКОР АНДИЖОНДА ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИНИ ЎТКАЗДИ


12.09.2022   241

Германия Федератив Республикасининг Ростоcк университети ректори Волфганг Счареcк, Тиббиёт мактаби декани Эмил Реисингер, Урология клиникаси директори, профессор Оливер Хакенберг ва бошқа бир гуруҳ германиялик мутахассислар вилоятимизда бўлишди.

Ростоcк университети ва Андижон давлат тиббиёт институти ўртасида ҳамкорлик алоқалари бир неча йиллардан буён давом этмоқда. Ана шу ҳамкорлик доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган германиялик шифокорлар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалида шифокорлар билан мулоқотда бўлди, маҳорат дарслари ўтказди.

Хорижлик меҳмонлар марказда беморларга яратилган шароитлар, касалликни аниқлаш, самарали даволаш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди, ҳамкасблари билан ўзаро фикр алмашишди,беморлар билан суҳбатлашишди.

Шунингдек, мамлакатимиз тиббиётида онкологик ва радиологик хасталикларни аниқлаш, касалликка ташхис қўйиш ва даволаш усуллари, самара ва натижалар, бу борада Германия тажрибаси хусусида ўзаро фикр алмашилди.

– Мақсадимиз, юртингиз аҳолиси саломатлигини сақлашга кўмаклашиш, ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, – дейди Ростоcк университети ректори Волфганг Счареcк. – Юртингиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этиш ўринли. Қолаверса, ўзаро ҳамкорлигимиз ҳар икки томон учун ижобий самаралар беради.

Марказда профессор Оливер Хаккенберг томонидан ўнг томонлама адреналэктомия бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Ташриф давомида германиялик шифокорлар вилоятдаги бошқа тиббиёт масканлари ҳамда Андижоннинг диққатга сазовор жойларида бўлди.