Андижонда

“ГУЛЧИЛИК” ЎҚУВ МАРКАЗИ ИШ БОШЛАДИ


07.06.2022   949

Андижон вилоятининг Асака тумани кираверишида - магистраль йўл бўйида “Гулчилик” ўқув маркази фаолият бошлади. Тадбиркор Нодирахон Насриддинова раҳбарлигидаги мазкур ўқув марказида бир-биридан чирой талашган гуллар, ўзига хос жиҳатлари билан эътиборингизни жалб этувчи дарахт кўчатлари барқ уриб ўсаётгани жамоанинг меҳнати, меҳри маҳсули.


Сотувчи Жасурбек Каримовнинг таъкидлашича, “Камиля”, “Радо дендро”, “Клён”, “Азалия”, бутасимон “Алядро”ларнинг ўзига хос ифори бор. “Маголия” дарахт гули, барглари қаҳратонда ҳам ёздагидек яшнайди. “Фатания” гул дарахтининг ғунчалари баҳорда оппоқ бўлиб очилса, япроқлари қишда қизил тусга киради.

Ўн нафар меҳнаткаш томонидан Европа давлатларидан келтирилган манзарали гуллар ҳамда дарахт кўчатлари етиштириш, сотиш, манзилга етказиб бериш, ландшафт дизайн хизматлари кўрсатиш хизматлари тақдим этилаётган гулчилик ўқув марказида 30 минг туп ноёб гуллар қаламчаси парваришланяпти. Турфа дарахт ниҳоллари ўстиряпти. Фаолият кенгайтирилгач, ишчилар сони 30 нафарга етиши кўзда тутилган. Туркиялик малакали мутахассис Элдар Айюлдуз томонидан “Темир дафтар”даги ўн беш нафардан зиёд хотин-қизлар гулчилик йўналишида ўқитилмоқда.

“Андижоним атигуллари” жамоаси етиштираётган, марказ тасарруфидаги иссиқхона майдонидаги атиргуллар йил давомида Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон республикаларига экспорт қилинмоқда.

Аҳмадилло СОЛИЕВ.

Суратларда: “Гулчилик” ўқув маркази фаолиятидан лавҳалар.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.