Андижонда

ГУЛНОРАХОН АСРАНОВА – “ИБРАТЛИ СУДЬЯ” МУКОФОТИ СОҲИБАСИ


10.01.2023   337

Куни кеча Андижон вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Гулнорахон Асранова Судьялар олий кенгашининг “Ибратли судья” мукофотига лойиқ деб топилди.

Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантириш масаласи ҳам кўзда тутилган эди.

Жумладан, судьялар фаолиятини баҳолаш бўйича электрон рейтинг тизимида энг юқори кўрсаткичга эга бўлган соҳа вакилларини“Ибратли судья” мукофоти билан, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан судьяларни эса “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаб бориш тартиби жорий этилганди.

Куни кеча номзодларни саралаш натижаларидан келиб чиқиб, мамлакатимиз суд тизимида фаолият юритаётган 20 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди.

Тантанали маросимда Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров сўз олиб, мукофот соҳибларини самимий қутлади. Тадбирда сўз олганлар бундай эътироф жамиятимизда мустақил ва одил суд тизимига эришишда ҳар бир судья учун рағбат эканлигини, ўз навбатида тақдирланганларга улкан маъсулият ҳам юклашини қайд этдилар.

Гулнорахон Асрановага юксак мукофот Андижон вилоят суди раҳбарияти томонидан тантанали равишда топширилди.