Гўзал айёмлар тинч-хотиржам, осойишта юртларга ярашади

21.03.2025 177
Баҳорнинг энг нафис, жилвакор, барчага бирдек кўтаринки кайфият улашувчи байрами - Наврўздир.
Ўзбекнинг ўзбеклигини акс эттирувчи байрам ҳам бу Наврўз экан.
Миллийликни ўзида жам қилган, қадриятларга йўғрилган, инсонийлик, одамийлик туйғулари акс этган ягона байрам - Наврўз.
Йўқ десангиз санаб берай, қайси байрамда сумалак, кўк сомса, кўк чучвара каби баҳорий таомлар тайёрлаймиз? Қай бир айёмда қўни-қўшни, узоқдаги яқинлар, хаста-беморларни йўқлаймиз? Қайси байрамда атласу адраслар кийиб, бошда дўппи билан тановорга, дилҳирожга ҳиром айлаймиз. Баҳорий сайиллару, миллий ўйинлар, кўпкари, дорбозлик, кураш каби беллашувлар ҳам қадим-қадимдан бўлиб келаётган ота мерос ўйинлар энг кўп Наврўз байрамида ўтказилади.
Ҳақиқатда бутун миллийлигимизни қамраб олган Наврзўнинг бунчалик аҳамиятли байрам эканлиги сири нимада?
Ушбу байрам нафақат бизда, балки бутун дунёда нишонланиб келадиган қадимий айёмдир. Форс тилида "Янги кун" деб номланувчи ушбу кунда кун ва тун тенг бўлиб, янги кун, янгиланиш, баҳорнинг, йилнинг бошланиши сифатида қадимий Шарқ халқлари орасида нишонланиб келган.
Балки қадимийлиги сабабли ҳам уни ўзгача тарзда нишонлармиз. Наврўз байрамининг илдизи қадимги Эрон ва Зардуштийлик динига бориб тақалади. Тадқиқотларга кўра эрамиздан аввалги 6 минг йилликда нишонланган. Зардуштийлар Наврўзни янги йил ва ҳаётнинг янгиланиши деб билишган.
2009 йилда эса Наврўз байрами ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. 2010 йилда БМТ Бош Ассамблеяси 21 мартни "Халқаро Наврўз куни" деб эълон қилди.
Мен Наврўзни бободеҳқоннинг меҳнатлари дебочаси деб биламан. Аёлларимизга янги умид, фарзандларимизга қувонч улашадиган кун. Табиатимиз гўзаллашадиган, кексаларимиз яна бир янги йилга етканига шукр айтгувчи кун. Кураги ер кўрмаган ўғлонларимиз бор куч-қудратини кўрсатадиган, халқимиз меҳр-оқибат ва аҳиллигини элу юртга кўз-кўз қиладиган кундир.
Асрлар оша ўзининг мазмун-моҳиятини йўқотмай, тобора сайқалланиб келаётган айём, миллий қадриятлармизни, улуғвор туйғуларимизни ўзида акс эттириб келаётган, халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган Янги кун, Наврўз айёми барчага муборак бўлсин.
Зероки, гўзал айёмлар тинч-хотиржам, осойишта Юртларга ярашади.
Моҳигул СИДДИҚОВА.