Андижонда

Халқ билан мулоқот: СУД РАИСИНИНГ ҚАБУЛИДА ҚАНДАЙ МАСАЛАЛАР КЎТАРИЛДИ?


09.09.2022   453

Олтинкўл туманида Андижон вилояти суди раиси Талъатжон Мелибоевнинг навбатдаги сайёр қабули ташкил этилди. Унда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Сир эмас, кейинги пайтларда оилавий низолар сони ортиб бормоқда. Уй-жой билан боғлиқ можаролар, никоҳдан ажратиш, эр-хотинлик даврида биргаликда топилган мол-мулкдан улуш ундириш, алимент билан боғлиқ даъволар шулар жумласидан. Қабул жараёнида мурожаат муаллифларининг юқоридаги каби масалалари бўйича атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Инсонпарварлик фазилати халқимизга хос эзгу хислатлардан. Айни жиҳат миллий қонунчиликда ҳам аксини топганки, хатолари сабаб суд томонидан жазога тортилган шахс белгиланган мажбуриятларни бажариш чоғида барча тартиб-таомилларга қатъий амал қилса, намунали хулқ-атвори билан ўзини кўрсатса, жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилиниши мумкин. Ахир жазодан асосий мақсад ҳам судланувчининг “бурнини ерга ишқаш” эмас, аксинча, инсонни тўғри йўлга солиш, тарбиялаш-ку.

Шу маънода суд томонидан белгиланган жазони ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, шунингдек, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарганлиги учун суд қарори билан автомобиль бошқариш ҳуқуқидан муайян муддатга маҳрум қилиниб, жаримага тортилган, аммо ножўя ҳаракатларидан етарлича хулоса чиқарган бир гуруҳ шахсларга доир илтимосномалар ҳам қонун доирасида ижобий ҳал этилди.