Атрофга назар

ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ


28.09.2022   280

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва ЮНЕСКО ҳамкорлигида “Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги: инновациялар, инклюзивлик ва ҳуқуқ” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади. Унда вилоятимиздаги соҳага алоқадор масъуллар, ахборот вакиллари ҳам иштирок этмоқдалар.

Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни муносабати билан ташкил этилган мазкур икки кунлик тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия раиси Азиз Абдуҳакимов, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди директори Нозима Давлетова, ЮНЕСКОнинг коммуникация ва ахборот масалалари бўйича Бош директори ёрдамчиси жаноб Тауфик Желасси очиб бердилар. “Очиқ ҳукумат” ҳамкорлик ташкилоти Бош ижрочи директори Санжай Прадханнинг иштирокчилар учун тақдим этилган видеомурожаати мавзу доирасида, айниқса, эътиборли бўлди.

Халқаро конференциянинг дастлабки кунида бўлиб ўтаётган “Маълумотга эга ва ваколатли фуқаролар учун рақамли бошқарув ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш” мавзусидаги давра суҳбатида айни вақтда 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш соҳасида кун тартибида белгиланган мақсадларга эришишда, билим ва тажриба алмашишда қулайлик яратиш учун шериклик ҳамда халқаро муносабатлардан кенг ва унумли фойдаланиш усуллари кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, айни кунда БМТга аъзо давлатларнинг ахборот олишдаги асосий ҳуқуқларни тан олиш ва ҳурмат қилиш мажбуриятларини белгилашда мезон бўлувчи Тошкент декларацияси қабул қилинди.

***

Айтиш жоиз, конференция давомида ахборотдан эркин фойдаланишга инклюзив ёндашувни илгари суришда электрон бошқарув ва сунъий интеллектнинг роли, мақсадлар шаффофлиги, яъни рақамли технологиялар даврида иштирок этиш ва ҳисобдорликнинг таъминланиши, ахборот олиш тўғрисидаги қонун ва уни амалга ошириш соҳасидаги муваффақиятлар каби соҳага дахлдор қатор йўналишларда маҳаллий ва хорижий мутахассислар ўзаро фикр ва тажриба алмашиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, тадбир доирасида Ижтимоий мулк ҳисобланган давлат маълумотларини ривожлантириш ва тарғиб қилиш сиёсатининг янгиланган йўриқномаси тамойиллари, шаффофлик, инновация ва электрон бошқарувни қўллаб-қувватлаш бўйича йўриқнома тамойиллари ҳамда Ахборотдан эркин фойдаланиш бўйича пуллик онлайн-тренинг тақдимотлари ҳам бўлиб ўтади.

Андижон-Тошкент

“Andijonnoma.uz” online гуруҳи