Андижонда

ХАЙРЛИ ИШНИНГ ҚУЛОЧИ КЕНГ


25.04.2022   457

Қўрғонтепа тумани Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун “Саломатлик – туман бойлик” мавзусида соғломлаштириш тадбири бўлиб ўтди. Ҳудуддаги 57-қишлоқ оилавий поликлиникасида ташкил этилган мазкур тадбирда дастлаб соғлом турмуш хусусида суҳбат ташкиллаштирилди. “Соғлом авлод учун” хайрия фонди томонидан юзга яқин фуқарога мурувват маҳсулотлари ҳамда зарурий дори-дармонлар тарқатилди.

Оналик ва болалик ҳимоясини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш аҳолининг ночор қатламлари, муҳтож оилалар, ногиронлар ва ёлғиз кексалар учун аниқ йўналтирилган ижтимоий муҳофаза тизимини яратиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб–қувватлашни кучайтириш, тиббий, болалар муассасаслари моддий-техника базаларини мустаҳкамлаш мақсадларини ўзида ифода этган “Соғлом авлод учун” хайрия фондининг бундай тадбирлари эзгуликка эш бўлаётганини таъкидлаш зарур. Фонднинг тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси ҳамда жойлардаги соғлиқни сақлаш бирлашмалари мутахассислари билан биргаликда амалга ошираётган тиббий кўриклари, тарқатилаётган беминнат бепул дори-дармонлар аҳоли ўртасида касалликларга қарши курашишга, хасталикларни олдини олишга, соғлом ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг айни кунига қадар Андижон, Қўрғонтепа, Олтинкўл, Марҳамат, Избоскан, Бўстон, Улуғнор, Хонобод, Шаҳрихон, Жалақудуқ, Пахтаобод, Асака, Булоқбоши, Улуғнор, Хўжаобод туманлари ва Андижон шаҳрининг чекка ҳудудларида яшовчи эҳтиёжманд ҳамда Андижон вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, қатор ҳарбий қисмлар оилалари орасида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Аниқланган касалликларни даволаш мақсадида фонд томонидан жами 8 038 850 616,46 сўмлик мурувват дори-дармонлар тарқатилди.

- Бизга қилинаётган мурожаатлар ҳам кўп, - дейди “Соғлом авлод учун” хайрия фонди вилоят минтақавий филиали директори Турсунбой Бердирахматов. - Тиббий-ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш учун имкон қадар ҳар бир мурожаат ўз ўрнида самарали бартараф этилиб келинмоқда. Хусусан, йил бошидан бугунгача айни мурожаатлар асосида 10 581 маҳсулот бирлигидаги шифо маҳсулотлари етказиб берилди. Шунингдек, фонднинг яна бир хайрли мақсади билан кам таъминланган оилаларнинг имконияти чекланган, турли хасталиклардан азият чекаётган фарзандлари вилоят болалар кўп тармақли тиббиёт марказининг бўлимларида соғломлаштирилди, юрак нуқсони бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказиб берилди.

Хайрли ишнинг қулочи кенг. Эзгулик бор жойда ободлик, фаровонлик, соғлом муҳит яшнайверади. Хайрия фонди эса мана шундай яхшиликларни тарғиботчисига айланган.

Зилола РАҲМОНОВА.