Андижонда

ХЎЖАОБОД ТУМАНИДА ИХТИСОСЛАШГАН МАКТАБ ОЧИЛДИ


03.09.2021   643

Андижон вилояти Хўжаобод тумани Хидирша маҳалласида математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилди.

Мактаб очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда умумтаълим мактаблари учун мослаштирилган бинолар қуриш, мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчи ва ўқувчиларга зарур иш шароитлари яратиш, ўқувчиларнинг пухта билим олиши, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

“Замонавий мактаб” лойиҳаси асосида жорий йил инвестиция дастури доирасида математика фанига ихтисослаштирилган 420 ўринли мазкур давлат умумтаълим мактаби “Сапфир садаф сервис” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди. Мактабда барча қулайликларга эга ўқув хоналари, спорт, фаоллар заллари, шунингдек, 100 ўринли ошхона қурилди, замонавий мебель ва ўқув жиҳозлари билан таъминланди.

Қурилиш ва жиҳозлаш ишлари учун 7 миллиард 979 миллион сўм бюджет маблағлари сарфланди. Замонавий қиёфага ва барча қулайликларга эга мазкур 74- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўқувчилар математика фанини чуқур ўрганиш, пухта билим олиш имконига эга бўлди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат)/