Андижонда

Хўжаобод туманида истеъмолчиларга газни тежаш бўйича тушунчалар берилмоқда


04.02.2025   767

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ходимлари жойларда истеъмолчилар орасида энергия ресурсларини тежаб ишлатиш, газдан оқилона ва хавфсиз фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини давом эттирмоқда. Ана шундай тарғибот ишлари Хўжаобод туманининг “Мустақилликнинг 30 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган кўп қаватли уйларда олиб борилди.

“...Ҳозир кунларимиз аста-секинлик билан илиқлашишни бошлади, — дейди маҳалла газчиси Ойбек Турсунов. – Шундай пайтлар кўплаб уй бекаларимиз газни ёқиб уй иситишлари мумкин. Бу эса хонадонда газни исроф бўлишига ёки ис газининг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Мана шундай оқибати нохуш ҳолатларга олиб келувчи ҳаракатларни қилмаслик бўйича истеъмолчиларга тушунчалар бермоқдамиз...”

Истеъмолчилар билан суҳбатлар жараёнида табиий газни тежаш бўйича тавсиялар берилмоқда.Шунингдек, қандай қилиб кунига камида 1 метр кубдан газ тежаш мумкинлиги тушунтириляпти. Керакли вақтда газдан фойдаланиш ёки оддий чой қайнатиш вақтида ўзига керакли миқдордаги сувни қайнатиш каби ҳолатлар билан ҳам қанча газ тежаш мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилди.

Маҳалла газчиси сифатида Ойбек Турсуновга “Мустақилликнинг 30 йиллиги”, “Мустақилликнинг 27 йиллиги” ҳамда “Жаҳонобод” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2200 дан ортиқ хонадон бириктирилган. У онлайн бошқарув орқали келган топшириқларни бажариш асносида, истеъмолчиларга газни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш, эенргиясамарадорликда икки контурли печлар аҳамияти ҳақида ҳам маълумотлар бериб бормоқда.

Бугун газ каби неъматдан оқилона фойдаланиш, беҳуда сарфламаслик барчанинг ўз олдига қўйган фуқаролик вазифаларидан ҳисобланади. Зеро, ҳар бир куб тежалган газ бошқа бир юртдошимизнинг хонадонида ҳам “зангори ёқилғи”ни ёнишига сабаб бўлади.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати