Хўжаобод туманида куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилмоқда

01.08.2025 144
Бугун Хўжаобод туманидаги 20 515 нафар табиий газ истеъмолчиларига 46 та юқори ва ўрта босимли газ тарқатиш пунктлари орқали табиий газ етказиб берилади. Ҳар йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида таъмирлаш ва техник кўрикдан ўтказиш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилади.
Жорий мавсумда тумандаги “Баҳрин” ва “Андижон” маҳаллаларига тортилган тармоқни тўла янгилаш кўзда тутилган. Мавжуд 1.4 км лик тармоқнинг 0.6 км қисми мукаммал таъмирланса, 0.8 км қисми рекострукция қилинади.
“...Ҳар бир қурилманинг хизмати унга қилинадиган эътиборга боғлиқ, - дейди “Хўжаободтумангаз” газ таъминоти бўлимининг муҳандиси Лочинбек Юсупов. – Шунинг учун ҳар йилги куз-қиш мавсумига тайёргарликда ҳар бир газ тарқатиш қурилмасининг техник кўриги шошилмасдан, пухта ва сифатли амалга оширилади. Жорий йилда 2 та ГТПни мукаммал таъмирлаш режалалаштирилган эди ва улар тўла таъмирланди. Шунингдек, шу кунга қадар 38 дона ГТП тўла техник кўрикдан ўтказилди ва мавсумга шай ҳолатга келтирилди... ”
Жорий йилги мавсумга тайёгарлик жараёнида 6.2 км газ қувурларини босим остида синаш ва ҳаво ёрдамида тозалаш режалаштирилган бўлиб, амалда бу ишлар 189 фоизга бажарилди ва 11.7 км узукликдаги қувурлар синовдан ўтказилди. Шунингдек, 65 км узунликдаги ер ости қувурларини эса махсус асбоб ёрдамида ҳолатини текшириш мўлжалланган бўлиб, амалда 67 км қувурлар ҳолати текширилди ва мавсум олди кўригидан ўтказилди. Режадаги 16.9 км қувур бўёқланиб, эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди. Натижага кўра эса, 5 та маҳалла фуқаролар йиғини ўрамидаги 1000 дан ортиқ истеъмолчи хонадонида газ таъминоти янада яхшиланди.
“Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали матбуот хизмати