Хўжаобод туманида МИБ ходимлари билан ҳамкорликда ундирув ишлари олиб борилди
04.05.2026 7
Бугунги кунда табиий газ етказиб бериш соҳасига ҳам рақамлаштириш тўла татбиқ этилди ва табиий газ ҳисобини юритиш автоматлаштирилган тизимга тўлиқ ўтказилди. Бу эса, етказиб берилаётган газ ҳажмларини реал вақт режимида ҳисобини юритиш имконини бермоқда.Истеъмолчилар орасида тўлов маданиятига амал қилган ҳолда, фойдаланган табиий газ учун ўз вақтида тўловни амалга ошириб, қарздорлик юзага келишига йўл қўймайдиганлар борлиги қувонтиради. Минг афсуски,истеъмолчилар орасида ўз мажбуриятларини бажармай, табиий газ учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмасдан унга совуққонлик билан қараётганлар ҳам топилади. Натижада, фуқаролар орасида қарздорлик сабаб табиий газ бериш тўхтатилган ёки юқори қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар ҳам мавжуд.
“...Ушбу истеъмолчиларга қарздорлигидан аввал смс-хабарномалар юборилган бўлсада, табиий газдан фойдаланишда давом этган ва натижада юқоридаги қарздорлик келиб чиққан. Афсусланарлиси шуки, қарздор истеъмолчилар ҳалигача табиий газдан бўлган қарздорлигини тўлашни ўйламаяптилар ҳам” – дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг Юридик бўлими бошлиғи Лочинбек Юнусов.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг барча шаҳар-туман бўлимлари томонидан жойларда қарздорликни ундириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, қарздорликни ундириш ва қарздорлар ҳужжатларини суд-ҳуқуқ органларига топшириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Куни-кеча, Хўжаобод туманининг “Дилкушод” МФЙ ўрамида ҳам Мажбурий ижро бюро ходимлари билан биргаликда ундирув ишлари олиб борилди. Ижро ҳужжатларига асосан табиий газдан қарздорлиги мавжуд хонaдонларга борилиб, қарздорликни ундириш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилди.
Апрел ойи бошидан бери вилоят бўйича 2 млрд 735 млн. сўм дебитор қарздорликдан ундирилган. Шундан Хўжаобод туманида 287 млн. сўмлик қарздорликларни сўндиришга эришилган. Дебитор қарздорликни ундирув бўйича ҳаракатлар жойларда давом этмоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
