Андижонда

Ички туризм – тарих ва бугунни боғловчи кўприк


24.06.2025   57

Ҳар бир ислоҳот – бу, нафақат фаровонлик сари ташланган қадам, балки инсондаги яширин қобилиятларни кашф этишга қўйилган одимдир. Туризм тизимидаги ислоҳот эса юрт имкониятини жаҳонга танитишнинг энг мақбул ва самарали йўли ҳисобланади.

Биз олий таълим муассасаси ўқитувчилари дам олиш ва байрам кунлари талабаларимиз билан бирга мамлакатимизнинг турли гўшаларига саёҳат уюштиришни анъанага айлантирганмиз. Йил давомида қадим Самарқанд, Бухорои шариф, кўҳна Хоразмдаги тарихий обидаларни зиёрат қилдик.

Ёзнинг жазирамасида эса гўзал табиатли, соя-салқин боғу роғларга бой бўлган Андижон вилояти сари йўл олдик. Бизга андижонлик талабамиз Моҳларой Қурбонова гидлик қилди.

Дастлаб Балиқчи туманидаги шифобахш булоқлар маскани бўлган дам олиш зонаси табиати билан қизиқдик. Ҳар бир булоқнинг ўз тарихи бўлиши билан бирга улардан отилиб чиқаётган сувларнинг таъми ва таркиби, шифобахш хусусиятлари ҳам ўзгача экан.

Кейин Марҳамат туманида бўлиб, қадимги Эрши шаҳри тарихи ҳақида бой маълумотлар олдик. Қизиғи, туманда "Долзарб90 кунлик"доирасида "Ёзни мактаб билан"лойиҳаси асосида спорт мусобақалари машғулотлари қизғин давом этаётганига гувоҳ бўлдик.Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва уларни спортга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида ташкил этилган оммавий югуриш марафонида ўқувчи ёшлар сафига катталар ҳам қўшилдилар.

Андижон кундан кун чирой очиб боряпти. Қай туманга йўл олмайлик йўл четлари гулу гулзор, кўчаларнинг озодалиги эътиборимизни тортди. Айниқса, игнабаргли дарахтлар билан ўралган сўлим Хонободнинг табиати бизни мафтун этди. Фозилмон ота зиёратгоҳидаги азим чинорлар остида мириқиб дам олдик. “Кампирровот” сув омборининг маҳобатини кўрдик.

Шаҳарда ички туризмни ривожлантириш имкониятлари жуда катта. Кислородга тўйинган мусаффо ҳавоси, зилол сувлари, баҳорда алвон тусдаги лолақизғалдоқларга бурканадиган адирлари – ўзи бир олам. “Афсона” дам олиш масканидаги катерларда айланганимизда кўлдаги катта-катта балиқлар биз билан тенгма-тенг сузганини бир кўрсангиз эди. Бу ерда минералларга бойлиги билан Есентуки сувларидан қолишмайдиган “Evita”бренди остидаги юқори сифат кўрсаткичига эга минерал сувлардан татиб кўрдик. Биз билан суҳбатда бўлган хонободлик ёшлар ҳордиқ учун барча шароитларга эга сунъий кўл – дамолиш маскани ҳам қисқа фурсатларда барпо этилиб, фойдаланишга топширилишини айтиб ўтишди.

Шунингдек, Хонобод шаҳрида шу йилнинг август ойида ўтказилиши режалаштирилган “Дунё садолари” III Халқаро эстрада санъати фестивалига катта тайёргарлик кўрилаётган экан. Сурхандарёлик талабам Шоира Бўриева билан фестивалга келишни режа қилиб олдик.

Виктория РАҲМОНОВА,

ЎзДЖТУ катта ўқитувчиси.