Андижонда

ИККИ МИЛЛАТ БИРДАМЛИГИДА СУМАЛАК САЙЛИ


25.03.2022   613

Хонобод шаҳрининг “Тейит” маҳалла фуқаролар йиғинида қирғиз-ўзбек миллати вакиллари аҳилликда истиқомат қилади. Икки халқнинг бирдамлиги қадим анъаналарда янада ёрқинроқ юз очаётгани қувончли, албатта.

Мазкур ҳудуддан халқ депутатлари Хонобод шаҳри депутатлигига сайланган Эркиной Абжамилова томонидан маҳаллада ўтказилган Наврўз тадбирлари ўзгача таассуротларга бой бўлди. Икки миллат ҳамкорлиги, халқ ноиби ташаббуси билан ташкил этилган сумалак сайлида халқимизнинг азалий урф-одатлари яна бир бор кўкламий шукуҳни ўзида ифода этди.

- Ўзбекча ва Қирғизча янграган куй-қўшиқлар сумалак атрофида жам бўлганларни рақсларга чорлади, - дейди Муножотхон Абдураҳимова. – Ҳар икки халқнинг миллий таомлари тортиқ этилди. Миллий ўйинлар ташкиллаштирилди. Бундай тадбирлар, албатта, бизни бир-биримизга мустаҳкам ришталар билан боғлайди.

Депутат ва тадбиркор Э.Абжамилова томонидан шу куни маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар учун эҳсон тадбирлари ҳам амалга оширилди.