Атрофга назар

Илмли аёл – кучли армия таянчи


04.07.2026   12

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун гендер тенглигини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратди.

Ана шу эзгу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда Андижон шаҳридаги 14014-сонлиҳарбий қисм маданият марказида “Илмли аёл – кучли армия таянчи” шиори остида маънавий-маърифий семинар ва давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ўтказилди.

Тадбирда сўз олган меҳмон ва мутасаддилар бугунги кунда мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш, аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Гендер сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аёлларнинг илм-фан, таълим, тадбиркорлик, давлат хизмати ҳамда Қуролли Кучлар тизимидаги муносиб ўрни ҳақида атрофлича сўз юритилди. Намойиш этилган ижтимоий роликлар эса тадбир мазмунини янада бойитиб, иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир давомида таъкидланганидек, илмли, маърифатли ва ташаббускор аёл – мустаҳкам оила, барқарор жамият ва қудратли давлатнинг муҳим таянчидир. Зеро, фарзанд тарбияси, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантиришда аёлнинг ўрни беқиёсдир.

Анжуманнинг иккинчи қисми миллий қўшиқ ва куйлардан иборат маданий дастур билан давом этди. Ватан, мустақиллик, тинчлик ва миллий қадриятларни улуғловчи чиқишлар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбир якунида турли соҳаларда фаоллик кўрсатиб келаётган, жамият ва оила равнақига муносиб ҳисса қўшаётган бир қатор хотин-қизлар ҳамда ибратли оилалар тақдирланди. Жумладан, “Зиёли оила аёли”, “Китобхон оила аёли”, “Сиёсатчи аёл”, “”Алла” миллийлик тарғиботчиси”, “Ҳунарманд оила”, “Тадбиркор аёл”, “Ибратли оила”, “Энг ёш ибратли оила” каби номинациялар соҳибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, ёшлар ўртасида ватанпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилишда фаол иштирок этаётган Андижон давлат педагогика институти ҳамда Андижон давлат тиббиёт институтининг лидер қизлар жамоалари ҳарбий қисм қўмондонининг ташаккурномаси билан муносиб тақдирландилар.

Маънавий-маърифий учрашув иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, гендер тенглигини таъминлаш, мустаҳкам оила ва ватанпарвар авлодни тарбиялашга қаратилган эзгу ишлар изчил давом этаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Мадинахон МАМАДЖОНОВА

ҳарбий қисмнинг хотин-кизлар ва

ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари

билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси