Андижонда

ИМКОНИЯТЛАР БИЗГА НИМА БЕРА ОЛАДИ?


29.03.2022   538

Ҳакимахон Тошматова наманганлик илғор ишбилармон аёллардан. Вилоятнинг Янги Наманган туманидаги “Mega star flowers” масъулияти чекланган жамияти раҳбари. 2016 йилда металл буюмларни қайта ишлаш мақсадида 250 нафар ишчи ўрни билан ташкил этилган мазкур корхона қошида айни вақтда “Кўҳинур” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, бир ярим тонна сиғимига эга музлаткич омбори, тикув ҳамда нон ва қандолат маҳсулотлари тайёрловчи цеҳлар фаолияти йўлга қўйилган. Тадбиркор аёл тиним билмайди, янги ташаббуслар учун илгари қадам ташлайверади. Мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва шарт-шароитлардан тўла фойдаланишга ҳаракат қилади. “Бизнес – таваккалчилик, дегани. Сув юзасида эмас, унинг тубида нима борлигини билиш керак!” дейдиган бу тадбиркор ҳар бир имкониятдан фойдаланишдан аввал “Имкониятлар менга нима бера олади?” деган саволни олдига қўяди. Ва бу сўроққа ҳақли жавоб тополсагина, таваккал билан иш бошлайди.


Савдо-саноат палатасининг Андижон ҳудудий бошқармасида бўлиб ўтаётган семинар-тренингларда айнан Ҳ.Тошматова сингари Тошкент вилояти, шаҳри, Фарғона ва Наманганда яшаб, фаолият юритаётган 30 нафарга яқин тадбиркор хотин-қизлар фаол иштирок этиб, йўналишдаги билим-кўникмаларини мустаҳкамламоқлар.

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясининг АҚШ элчихонаси билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёлларассоциациясининг 64 та минтақавий филиалларида иқтисодий имкониятларни кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган мазкур тренинг машғулотларини соҳанинг етакчи профессионал тренерлари олиб бормоқдалар. Бундай семинарлар бир вақтнинг ўзида Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳам ташкил этилган.

Ишбилармонлик муҳитидаги хотин-қизлар семинардан қониқяптиларми?

-Ҳар бир дарс бизни шу муҳитда соғлом рақобатни шакллантира олишимизга, ўз ўрнимизни янада мустаҳкамлашимизга, жаҳон бозорларига чиқа олишимизда, давлат, бизнес, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилишимизда, маҳсулотларимиз рақобатбардошлилигини баҳолай олишимизда муҳим аҳамият касб этмоқда, - дейди “Тадбиркор аёл” уюшмаси Андижон шаҳар бўлими раҳбари Шоирахон Исроилова. – Бизнесда ижтимоий шериклик, маҳаллий ҳамжамият билн самарали муносабатлар ўрнатиш, таваккалчилик турларини мукаммал ўзлаштириш алоҳида ўрин тутади. Машғулотларда айни мавзулар амалий кўникмалар билан мустаҳкамланаётгани билимларимиз ортишига хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси вилоят бўлими раиси Наргизахон Мирзалимованинг таъкидлашича, мазкур семинар-тренингларда иштирокчилар нафақат мавзулар доирасидаги саволларига жавоб олмоқдалар, соҳа сирларини янада чуқурроқ ўрганмоқдалар, шу билан бирга, бир-бирлари билан тажриба алмашиб, фикрларини, келгуси режаларини ўртоқлашмоқдалар. Айниқса, бошқарув ва маркетинг асослари, кичик бизнесни бошқариш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва рағбатлантириш, халқаро ҳамкорлик, лойиҳалар ёзиш-тайёрлаш масалаларидаги дарслар қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтмоқда.

Водийлик ва пойтахтлик тадбиркор хотин-қизларни Андижонга жамлаган ушбу семинарлар, ишонамизки, тараққиётнинг янги ташаббусларини илгари суради.

Зилола РАҲМОНОВА.