Андижонда

Имом хатиблар “Яшил макон” лойиҳасида қатнашишмоқда


02.11.2023   90

Динимизда она заминни обод этиш, атроф-муҳитни озода сақлаш, эл-юрт манфаати учун дарахт экиш савобли амаллардан саналади. Айниқса, ҳозирги кунда бундай хайрли ободонлик-кўкаламзорлаштириш ишларига эҳтиёж янада ортган.

Республикамиз бўйлаб бошланган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси бу борадаги саъй-ҳаракатга катта туртки берди.

Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган бир қатор имом-хатиблардан иборат гуруҳ вилоят бош имом хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигида диёримизнинг гўзал масканларидан бири "Боғи Бобур" истироҳат боғида кўкаламзорлаштириш ишларига ҳамнафас бўлдилар. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

"Яшил макон" умуммиллий ҳаракати доирасида павлония дарахт кўчатларини экиш ишлари ўтказилди. Унда имом-хатиблар томонидан 260 туп, вакиллик ходимлари томонидан 40 туп, жами ҳисобда 300 дона кўчатлари экилди.