Андижонда

Имомота туризм қишлоғи мақомини олди


31.05.2025   181

Кейинги йилларда вилоятимизда туризм, хусусан, ички туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида ўтган 2024 йил давомида вилоятга 500 минг нафарга яқин хорижий, 1 миллион 650 минг нафардан зиёд маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрдилар.

Туризм объектлари инфратузилмасини ривожлантириш, туристларга шарт-шароитлар яратиш мақсадида вилоятдаги энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган тарихий ва диққатга сазовор масканлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, туристлар ва зиёратчилар учун зарур қулайликлар яратилди.

Қирғизистон Республикаси билан чегарадош Хўжаобод туманининг тоғли ҳудудида жойлашган Тошота – халқ орасида Имомота қишлоғи деб аталадиган маҳалласи ҳам туризм йилдан-йилга ривожланиб бораётган ҳудудлардан биридир.

Маҳаллада бир вақтнинг ўзида мингга яқин сайёҳ ва зиёратчига хизмат кўрсатадиган 70 дан ортиқ меҳмон уйлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳудуддаги икки тоғ чўққиси ўртасига осма йўл – кўприк қурилди. Янги-янги аттракционлар ўрнатилди, махсус гольф-каралар келтирилди, ўнлаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди. Натижада 2024 йилда мазкур ҳудудга 16 минг нафардан зиёд хорижий, 81 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилди. Жорий йилда ҳудудга келувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини 2,5 баробарга ошириш кўзда тутилган.

Минглаб турист ва зиёратчилар келиб дам оладиган ушбу ҳудуд “Туризм қишлоғи” мақомини олганлиги муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилди.

Дастлаб меҳмонлар, зиёратчилар, фахрийлар маҳаллага кириш ҳудудидаги дарвоза олдида карнай-сурнай садолари остида нон-туз, турли ноз-неъматлар билан кутиб олинди.

Меҳмонлар тадбиркор Валижон Ёқубов томонидан барпо этилиб, эндигина иш бошлаган меҳмон-уйда бўлиб, зиёратчилар, дам олувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

– Меҳмон уйда дам олувчилар учун барча шароитлар яратилган, - дейди тадбиркор В.Ёқубов. – Бассейн, ёзги, қишки ошхона, меҳмонхона, дам олиш хонаси, қўйингки, кўнгилли ҳордиқ чиқариш учун барча қулайликлар яратилган.

“Имом ота” зиёратгоҳи марказида яъни, қабр-мақбара олдидаги майдонда вилоятдаги туристик фирмалар иштирокида “Ички туризм ярмаркаси” ўтказилди. Ярмаркада вилоятдаги 20 дан ортиқ туристик фирмалар ўз фаолиятларига оид кўргазмаларни намойиш этдилар.

– Имом отага туризм қишлоғи мақоми берилганлиги бу ерга келувчилар сонининг ортишига, пировардида вилоятимизда ички туризмни янада ривожланишида муҳим рол ўйнайди, - дейди “Mandarin Tour” туристик фирмаси бошқарувчиси Азизбек Қучқоров. – Туристлар ташрифини ортиши, албатта, уларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини юксалтиришни тақозо этади. Бу борада туристик фирмалар, хусусан, бизнинг фирмамиз томонидан ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.

Ҳудудда ҳунарманд ва мусаввирлар томонидан ташкил этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда тасвирий санъат асарлари кўргазмалари ҳам барчада катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг Имомотага туризм қишлоғи мақоми берилганлиги тўғрисидаги сертификатни топширишга бағишланган маросим ўтказилди.

Тадбир доирасида туризмни янада ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида Республика Туризм қўмитаси раиси маслаҳатчиси иштирокида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда мазкур йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтариш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Вилоят маданият бошқармаси, туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан намойиш этилган бадиий дастурлар, спортчиларнинг, жажжи болажонларнинг кўргазмали чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.

Вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати.