Андижонда

ИННОВАЦИЯ: 45-50 КУНДА ПИШАДИГАН КАРТОШКА


25.07.2022   252

ИННОВАЦИЯ: 45-50 КУНДА ПИШАДИГАН КАРТОШКА

Жаъфар Аҳмедов асли аграр соҳа мутахассиси. Уруғчилик ва кўчатчиликка ихтисослашган илмий лабораторияси қишлоқ хўжалигидаги янги инновацияларга доя бўлаётир. "Organic seeds" масъулияти чекланган жамият таъсисчиси сифатида илмий изланишларини амалиётга татбиқ этмоқда.

Хусусан, Қўрғонтепа тумани, Маъмуробод массивидан ажратилган 2 гектар майдонда ҳавода картошка етиштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа ҳам олим ташаббусларидан биридир. Дастлаб 1,5 гектар майдонда махсус иссиқхона барпо этилди. Мазкур иссиқхонада 70 минг туп картошка кўчатини аэропоника усулида етиштириш режалаштирилган.

– Туманда картошка маҳсулотига бўлган талаб юқори, – дейди "Organic seed" МЧЖ директори Ойбек Тўрақулов. – Уруғлар асосан хориждан олиб келинарди. Бу эса, табиийки, бир қадар муаммоларни юзага келтирарди. Биринчидан, нарх қиммат, иккинчидан, олиб келинган уруғлар юртимиз иқлимига мос келмай қолиш эҳтимоллари ҳам бўларди. Бунда ҳам моддий томондан зиён кўрилса, ҳам вақтдан ютқазиларди. Эндиликда уруғ ҳам, кўчат ҳам ўзимизнинг лабораторияда етиштириляпти. Айни вақтда картошканинг "Супер элита" нави аэропоника усулида, яъни тупроқ ёки сувда эмас, балки, ҳавода муаллақ ҳолатда парваришланади. Унга керакли озуқа пуркаш орқали етказиб берилади. Натижада вируссиз ҳосил олиш имкони яратилади. Қолаверса, ҳосилдорлик уч баробарга ортади. Бир гектар майдондаги иссиқхонада Фарғона водийси вилоятлари учун уруғлик картошка етиштирилади. Бунда бир йилда тўрт марта ҳосил олиш мумкин. Биринчи босқичда 3 минг гектар майдонга етадиган уруғлик олишни режалаштирганмиз.

5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ушбу лойиҳа бир мавсумда 11,7 миллиард сўмни тежаб, 11,2 миллиард сўм даромад олиш имконини беради. Айни пайтда иссиқхонада пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Икки ойдан сўнг майдонга илк картошка уруғи қадалади. Мазкур инновацион усулнинг яна бир қулай томони шундаки, бунда атиги 45-50 кунда ҳосил йиғиб олинади. Эслатиб ўтамиз, тупроқ ва сувда доимий усулда етиштирилган картошка эса 90 кунда ҳосилга киради.

Лойиҳа доимий ва мавсумий меҳнат қилувчи 350 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

З. РАҲМОНОВА.