Андижонда

Инновация – сифат ва қулайлик: ID-ДИСПЕТЧЕР ДАСТУРИ ОРҚАЛИ РЕСПУБЛИКАДА ЯГОНА ТИББИЙ ТИЗИМ ЯРАТИЛДИ


28.07.2022   450

Шокиржон Шокиров РШТЁИМ Андижон филиали тез тиббий ёрдам бўлимининг 30-бригадаси шифокори. Бир кунда чақирувлар асосида ўртача 20-24 та беморга биринчи ёрдам кўрсатишга ошиқади. Тезкорлик бўлимнинг асосий қоидаси. Унинг таъкидлашича, айниқса, кейинги бир йил давомида бўлим фаолияти тубдан ўзгарди, автоматлаштирилган ва янада қулайлаштирилган янги тизим йўлга қўйилди. Бу эса чақирувларга ўз вақтида етиб бориш ва беморга тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтарди.


Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиаллари тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда автохўжаликлар негизида ташкил қилиниши ва тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилиши белгилаб берилди.

Мазкур вазифалар ижроси Андижон вилоятида ҳам сезиларли ўзгаришлар билан амалга оширилаётгани қувончли, албатта. Хусусан, РШТЁИМ вилоят филиали тез тиббий ёрдам бўлими қошида CALL-марказ фаолият бошлади ва замонавий компьютер технологиялари билан тўла жиҳозланди. Айни вақтда республикада ягона бўлган ID-диспетчер дастури орқали жами 56 та оператор чақирувларни қабул қилиш ва тиббий бригадаларга узатиш ишларини тезкорлик билан олиб бормоқдалар.

- Бугунга келиб вилоятдаги мавжуд 250 та тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига радиоалоқа воситалари ҳамда GPS-трекерлар ўрнатилди, - дейди РШТЁИМ Андижон вилоят филиали тез тиббий ёрдам бўлими мудири Илёсбек Азимов. – ID-диспетчерлик тизими яратилиб, йўлга қўйилгунга қадар 9 ой вақт сарфланди. Ўтган йилнинг айни ойида диспетчерлар сони 16 тани ташкил қилган бўлса, ҳозирда мазкур тизим билан улар сони 56 тага етди. Бу эса узоқ-яқин ҳудудлардан бўлаётган чақириқларга тезкорлик билан жавоб бериш имкониятини кенгайтирди. Айтиш жоизки, бундан икки йил аввал чақирувлар учун 30 та канал фаолият юритган бўлса, 2021 йилнинг сентябридан бошлаб улар 130 тани ташкил қилмоқда. Чақириқлар бригадаларга саралаш орқали, яъни беморнинг аҳволи, касаллик тури ва оғирлик даражасига қараб берилмоқда. ID-диспетчерлик дастурининг яна бир афзаллик томони шундаки, илгари беморлар тўғрисдаги маълумотлар 1 ёки икки йил сақланган бўлса, эндиликда ҳар бир чақирувнинг компьютерга киритилиши, тизимга туширилиши билан беморга қайси оператор жавоб бергани, вақти, қайси бригада тез тиббий ёрдам кўрсатгани ва ҳолати қандай ўзгаргани тўғрисидаги маълумотлар базада умрбод сақлаб қолинади.

Мазкур қулайликларнинг барчаси аҳолига тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш ва яқинлаштириш, ушбу хизматни янада ислоҳ этишга хизмат қилади.

Зилола РАҲМОНОВА.