Андижонда

ИНСОН – АЗИЗ, ХОТИРА – МУҚАДДАС (+ФОТОРЕПОРТАЖ)


09.05.2022   1797

Миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб турса, Қадр -инсонни юксакликка кўтариб, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олийжанобликка етаклайди.

9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.

Вилоят маркази – Андижон шаҳридаги Хотира ҳиёбони эрта тонгда қуёш нурларига чулғанган. Бу ерга йиғилган мингдан зиёд аҳоли вакилларининг юз-кўзларида ҳаяжон. Уруш ва меҳнат фахрийлари, сенаторлар, ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ташкилот, корхона, муассасалар ҳамда жамоатчилик вакиллари ташриф буюрдилар.

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов раҳбарлигида давлат, жамоатчилик вакиллари Мотамсаро Она ҳайкали ҳамда андижонлик қаҳрамонлар бюстлари пойига гулчамбарлар қўйдилар. Ўтганлар ёдга олиниб, таъзим бажо келтирилди.

- Инсон қалбида неки олийжаноб туйғулар ва одамийлик хусусиятлари мавжуд экан, барчаси Она меҳридан, Она тарбиясидандир. - дейди вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармасининг бошлиқ ўринбосари Ўктамжон Ахунов.– Ватанга муҳаббат туйғуси Она сути, Она алласи билан қон-қонимизга сингиб кетган. Шу боис, Она – Ватан, Ватан – Она демакдир. Хотира майдонидаги уруш ва айрилиқлардан қадди дол Мотамсаро Она ҳайкали ҳар биримизни хушёрликка чорлайди, бугунги ёруғ кунларимизнинг қадрига етиб яшашга даъват этади.

Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

«andijonnoma.uz» online гуруҳи.