Андижонда

Инсон қадри ҳамиша устун!


04.07.2025   143

Омбудсманнинг минтақавий вакили ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида Андижон шаҳрида жойлашган Жазони ижро этиш Департаменти 2-минтақавий ҳудуд 3-сон тергов ҳибсхонасида маҳбус ва маҳкумлар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.

Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Ж.Иброхимов, вилоят ҳокими ўринбосари Г.Аҳмедова, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати З.Исмоилова ва “Ҳамроҳ” ННТ раҳбари Г.Юлдашевалар томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида қамоққа олинган айбланувчи ва судланувчиларни сақлаш шароитлари, тергов ва адвокатлар хонаси, қисқа муддатли учрашув хоналари, тиббиёт бўлими, ошхона ва омборхоналар ҳолати ҳамда уларнинг яшаш жойлари атрофлича кўздан кечирилди.

Мониторинг доирасида ҳибсхонада сақланаётган шахслар, вояга етмаган маҳбуслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари тингланди. Имкон қадар муаммоларга ечим топилишга кўмаклашилди.

  • Жараёнда бир маҳбусанинг чақалоғи борлиги, ва ўдак парваришида моддий ёрдам зарурлиги аниқланди, - дейди Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Ж.Иброхимов. – Мурожаатни имкон қадар жойидақаноатлантиришга ҳаракат қилдик, фарзанди учун олиб берилган тагликлар қўшимча ёрдам сифатида асқотади. Бундан ташқари, 24 нафар вояга етмаган маҳбуслар учун ташкил қилинган ўқув хонаси диққатимизни тортди. Оғриқли жиҳати, у ерда бадиий ва уларнинг ёшига доир илмий адабиётлар етарли эмаслиги бўлди. Мазкур масалани қўлимиздан келганча бартараф этдик.

Суҳбатлар давомида таклифлар кўп бўлди. Чунончи, ҳибсхона кутубхонасида ауидо адабиётлар ва китобларни тинглаш учун “электрон кутубхона” ташкил этиш таклифига жавобан ТҲ раҳбарияти бунга рухсат борлигини, бироқ “электрон кутубхона” учун бевосита компютерга симсиз ҳолда уланадиган ҳамда ўзида керакли маълумотларни ижро эта олиш ҳусусиятига эга бўлган замонавий қулоқчинлар билан таъминланишда муаммо борлигини қайд этдилар.

Ўрганишлар якунида тергов ҳибсхонаси кутубхонасига вояга етмаганлар мутолааси учун 100 га яқин илмий, бадиий адабиётлар ҳамда “электрон кутубхона” учун 10 дона қулоқчинлар топширилди. Шунингдек, вояга етмаганларни инглиз тили фани бўйича ўқитиш курсларини амалиётга татбиқ қилиш режалаштирилди.

Барча манфаатлар инсон қадри учун. Айни тамойил “Ҳамроҳ” ННТ томонидан озодликдан маҳрум этилган ўсмирлар ўртасида ижтимоий мослашувни рағбатлантириш, келажакда касбни онгли равишда танлаш ва меҳнат кўникмаларини шакллантириш орқали такрорий жиноятларнинг олдини олиш мақсадидаишлаб чиқилган “Порлоқ келажак: қамоқхоналардаги ўсмирларнинг профессионал келажаги” ижтимоий лойиҳасида яққол намоён бўлди. Лойиҳа Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлинмасига тақдим этилди ва унинг муҳокама жараёни жорий йилнинг 2-ярим йиллиги даврига мўлжалланди.

Зардуна ИСМОИЛОВА,

Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти

институтини қўллаб-қувватлаш жамоат

фонди вилоят бўлинмаси раҳбари.