ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТНИНГ ЭРТАСИ ҲАМ УЛУҒДИР
05.04.2022 1007
Нуронийларнинг бир дастурхон атрофидаги суҳбатидан олам-олам ибрат олинди
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида кексаларни қадрлаш, уларнинг турмуш даражаси ва ижтимоий фаолликларини янада ошириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, маҳаллаларда нуроний ва кексалар билан ишларни такомиллаштириш йўналишида “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилини қарор топтиришда ташаббускорлик кўрсатаётган ижтимоий фаол нуронийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш; меҳнат фахрийларининг ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш масалалари алоҳида қайд этилган.
Турли соҳаларда юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилган бир гуруҳ вилоятимиз фахрийлари, отахону онахонларнинг бир дастурхон атрофидаги дийдорлашувида ҳам ана шу муҳим вазифалар эътиборда бўлди. Халқимизқариси бор уйнинг париси бор, деб бежиз айтмаган. Фариштадай кексаларимиз юрт тинчлиги, дастурхонларимиз тўкин-сочинлиги, қилаётган ишларимизнинг қут-баракасини тилаб ҳамишадуо қиладилар.


Инсон умрининг энг масъулиятли даври кексаликдир. Кексаларимизнинг биргина сўзи ёки ўгити билан ҳаётда ўз ўрнини топиб кетганлар қанча! Нуронийлар бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни халққа тўғри, халқона тушунтиришга ҳаракат қилишмоқда.
"Инсон қадри улуғланган юртнинг эртаси ҳам улуғдир!" шиори остида ўтказилган учрашувда ёш авлод вакилларига бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиш, тинчликнинг қадрига етиш, юртга муносиб бўлиш ҳақида ҳаётий тажрибалар ҳақида сўз борди.
- Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилишининг ўзи жамиятда фахрийларнинг ўрни нечоғлик муҳим эканлигидан далолат беради. Қарор билан маҳаллаларда нуроний ва кексалар билан ишлаш тизими янада такомиллашмоқда. Бундай эътибор ва ғамхўрлик ҳар бир кекса нуронийга куч-ғайрат, шижоат бағишлайди. Биз бор кучимиз билан юртимиз равнақи йўлида хизмат қилишда давом этиб, ёш авлодга ўрнак бўлишдан мамнунмиз, - дейди вилоят нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Ўктамжон Охунов.
- Президентимизнинг нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, борасидаги қарори бизга бўлган эътиборнинг юксак намунаси бўлди. Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийлар ҳолидан хабар олиниши жудаулуғ иш, - дейди Жалақудуқ туманидан ташриф буюрган меҳмон Шукурулло Хайитохунов.
Маҳалла фуқаролар йиғинларида “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг жамоатчилик назорати йўналишидаги фаолиятини самарали ташкил этиш зарур. Бу билан оилаларда соғлом муҳит барқарорлигига эришамиз. Ажримлар камаяди, жиноят ёқасига келиб қолганлар ўзини тийиб олади, оқибат, диёнат, ҳалоллик ҳаётимизга янада файзу барака олиб киради.
Учрашув тадбири давомида нуронийлар суҳбати вилоятимизда олиб борилаётган йирик кўламдаги бунёдкорлик ишлари, Янги Андижонни барпо этаётган замонамиз қаҳрамонлари, 17-ҳудудимиз бўлган – Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманидаги ўзгаришлар, инсон манфаатларини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди.
Иззат-икромдаги тадбир иштирокчиларига вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Ф. ЭШОНОВА.
