Андижонда

ИНСОН ҲАҚ-ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ТАМАЛ ТОШИ


02.12.2022   279

Андижон шаҳрида вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев ҳамда судьяларнинг юридик техникум ўқувчилари билан учрашуви ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Бош қомусимизнинг ҳаётимиздаги аҳамияти, унга киритилаётган ўзгартиришлар моҳияти мулоқотнинг бош мавзуси бўлди.

Хусусан, Асосий қонунимизнинг бошқа мамлакатлар Конституцияларидан фарқли жиҳатлари хусусида атрофлича сўз юритилди.

Конституциямизни ўзгартириш юзасидан таклифлар йиғиш жараёнида бутун мамлакат халқи, кенг жамоатчилик фаол иштирок этганлиги “Бош қомуснинг муаллифи халқдир” деган тамойилни ифода этиши баробарида, мамлакат халқпарвар давлат барпо этишга юз бурганлигини кўрсатади, албатта.


Қизғин мулоқотда ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган халқчил тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилганлиги таъкидланди.

Тадбирда, шунингдек, Адлия вазирлигининг юридик техникумлари ўқувчилари ўртасидаги “Жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишлари бўйича намунавий суд процесси” танловида фаол иштирок этганлиги учун Андижон юридик техникумининг олти нафар ўқувчисига вилоят суди раисининг ташаккурномаси эълон қилинди.

Учрашувда фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раиси Иқболжон Азизов, жиноят ишлари бўйича шаҳар суди судьяси Элёр Пирматов ҳам мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди.