Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш олий мақсад

03.03.2025 510
Бундан 30 йил муқаддам - 1995 йил 23 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институти мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари орасида биринчилардан бўлиб ташкил топди. Мазкур институт парламентнинг сиёсий қўллаб-қувватловига таянган, фуқаролар ҳуқуқларининг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан ўз ваколатларини суистеъмол қилишдан ҳимоя қилувчи демократик институт сифатида намоён бўлди.
Ўтган даврда институтнинг ташкилий-ҳуқуқий ва қонунчилик асослари яратилди. Хусусан, 1997 йил 24 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг саккизинчи сессиясида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Унинг 2-моддасида Вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши белгиланди. Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ эса Вакил Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда мамлакатимиз ҳудудида яшаб турган ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кшриб чиқиши ва ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда биринчи Вакил Сайёра Рашидова (1995-2015 йилларда) 20 йил фаолият юритди. Сўнг Улуғбек Муҳаммадиев (2015-2021 йиллар) ва ҳозирги даврда Феруза Эшматова (2021 йилдан буён) самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Омбудсман институтининг давлат органи сифатида ташкил этилиши давлатнинг фуқаролар ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги муҳим вазифаси эканлигидан далолат берди. 2019 йил 14 мартда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, Вакил институтининг ваколатлари, хусусан жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатлари янада кенгайтирилди, шунингдек қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тизими (миллий превентив механизми) жорий этилди.
Ушбу Қонунга мувофиқ Вакилга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди кўриб чиқиши учун масалалар киритиш, фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб давлат божи тўламаган ҳолда ариза ва даъволар билан судларга мурожаат қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни ҳамда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини бартараф этиш юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
26 июндаги “Қийноқлар ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида Вакилга қийноқларнинг барвақт олдини олишнинг самарали ҳуқуқий механизмларини яратиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди, мурожаатларни тезкор ва холисона кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам мониторинг ташрифларини амалга ошириш вазифалари белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ 2022 йилдан буён Вакилнинг вилоятларда минтақавий вакиллари доимий асосда фаолият юритиб келмоқда.
Омбудсманнинг Андижон вилояти минтақавий вакили фаолиятига назар ташласак, 2024 йилда юртимиз ҳамда хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 321 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 298 таси якунланган бўлиб, 23 таси бўйича тегишли идора ва ташкилотлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг энг кўпи Андижон шаҳар, Асака ва Избоскан туманларига тўғри келган. Минтақавий вакил фуқароларнинг мурожаатлари ва сўровлари асосида суд мажлисларида 9 маротаба кузатувчи сифатида иштирок этди.
Қийноқларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида 2024 йилда Минтақавий вакили ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 38 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Ва бу жойларда ушлаб турилган 600 нафардан ортиқ маҳкум (маҳбус) билан жамоавий ва 262 нафар маҳкум (маҳбус) билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Минтақавий вакил 3-сон Тергов ҳибсхонасида 3 маротаба рағбатлантириш комиссияларида иштирок этиб 90 нафар маҳкумлар раҳбатлантирилди.
Омбудсман аҳолига қабул қилинаётган қонунлар, фармонлар ва қарорлар, ҳукуматнинг қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳоли учун яратилган имтиёзлар ва имкониятлар тўғрисида хабардорликни ошириш фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масалалар бўйича аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида тадбирлар ўтказди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ Омбудсман қонунчилик ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қонунчилик таклифлари киритиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
2024 йил 15 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилинди. Қонун билан Омбудсманнинг ваколатлари кенгайтирилиб, вазифалари белгиланди.
Қонунга кўра, Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни ўз ичига олган махсус маърузалар тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маъруза тақдим этиши, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан муқобил маъруза тайёрлаши ва тегишли халқаро ташкилотларга тақдим этиши белгиланди.
Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар Омбудсманга у ерларда ўрнатилган “Омбудсман қутиси” орқали мурожаат қилиш имконияти яратилди. Омбудсман давлат органлари ва идораларига фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома киритиши белгилаб қўйилди.
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти парламент назорати институти сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда бундан буён ҳам барча ваколат ва имкониятларини ишга солади.
Жасурбек Иброҳимов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг)
Андижон вилоятидаги минтақавий вакили.