Андижонда

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ – ОДИЛ СУДЛОВНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ МУҲИМ ШАРТИ


24.02.2023   273

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида вилоят маъмурий суди томонидан маърифий-ҳуқуқий мавзуда тадбир ўтказилди. Мулоқотда судьялар ва талабалар инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида Ўзбекистонда қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳамда уларнинг натижалари хусусида фикр алмашдилар.

Вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов, судьялар Дилмир Халилов, Беҳзод Абдуназаров халқимизнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, мамлакатда инсон ҳақ-ҳуқуқларига риоя этилиши борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш, уларнинг қонунлардан хабардорлик даражасини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссини шакллантириш масалаларига доир мулоҳазалар муҳокама марказида бўлди.

Тадбирда давлат раҳбарининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори, мазкур ҳужжат асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури”нинг амалга оширилишидан кутилаётган натижалар, айни жараёнда талабаларнинг фаол иштироки юзасидан ҳам фикрлар билдирилди. Якунда йигит-қизлар ўзларини қизиқтирган саволлларга жавоб олдилар.